Россиянинг Белгород области Яблоново қишлоғи яқинида Ил-76 русумли ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда дастлаб «112» телеграм-канали хабар тарқатди. Канал бортда 63 киши бўлгани ва ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди. 63 киши ҳалок бўлгани ҳақида россиялик ҳарбий мухбир Юрий Котенок ҳам хабар қилган, у бу маълумотни қаердан олганига аниқлик киритмаган.

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков айнан нима бўлганини очиқламаган ҳолда Корочанск районида рўй берган «ҳодиса» ҳақида ёзди. «Ҳозирда воқеа жойида тергов гуруҳи ва ФВВ ходимлари иш олиб бормоқда. Ўз иш графигимни ўзгартирдим ва ҳудудга йўл олдим. Барча тафсилотлар кейинроқ», — деган унинг хабарида.

Кўп ўтмай Россия мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини тасдиқлади. Вазирликка кўра, бортда алмашув учун Белгород областига олиб келинган украиналик 65 нафар ҳарбий асир, самолёт экипажининг олти аъзоси ҳамда уч нафар кузатиб борувчи бўлган. Ҳарбий идора самолёт режали парвозни амалга ошириш чоғида ҳалокатга учраганини маълум қилган. Ҳаво-космик кучлари комиссияси «ҳалокат сабабларини ўрганиш» учун воқеа жойига йўл олган. 

Кейинроқ Гладков бортда бўлганларнинг ҳеч бири омон қолмаганини тасдиқлади.

«Блэтгород» телеграм-каналида Белгород атрофида самолёт ҳалокатга учрагани акс этган видео жойлаштирилган.

«Украинская правда»нинг Украина қуролли кучларидаги манбаси самолёт ҳалокати — Украина қуролли кучларининг «иши» экани ҳақида хабар берди. Нашрнинг Бош штабдаги суҳбатдоши ушбу самолёт ракеталар олиб кетаётган бўлганини айтган. Маълум вақт ўтиб «Украинская правда» ўз хабарини таҳрирлаб қўйди. Энди у ерда фақат Украина қуролли кучларидаги манба самолёт қулагани фактини тасдиқлагани ҳақидаги маълумот қолган. Нашр суҳбатдоши самолёт Харкив областини ўққа тутишда қўлланадиган С-300 комплекслари учун ракеталарни ташиганини айтган. Ил-76 ҳалокати — «Украина қуролли кучларининг иши» экани ҳақидаги маълумот материалдан олиб қўйилган.

Украина мудофаа вазирлигидаги манба «Суспiлне» нашрига Ил-76 Украина ҚК томонидан ўққа тутилгани ҳақидаги маълумотни ҳозирча тасдиқлай олмаслиги, «маълумот ҳали ўрганилаётгани»ни билдирган.