Украина қуролли кучлари Белгород областига бостириб кирганидан бир ҳафта ўтгач, у ерда ҳарбий ҳаракатлар кучаймоқда, томонлар қўшимча кучларни жалб қилмоқда. Россия мудофаа вазирлиги аввалроқ Украинанинг барча ҳужумлари қайтарилгани ҳақида баёнот берганди, бироқ россиялик ҳарбий блогерлар ва маҳаллий расмийлар вазиятни мураккаб деб баҳолаган. Белгород области раҳбарининг айтишича, ҳудудида жанглар кетаётган Краснояружский районининг деярли барча аҳолиси эвакуация қилинган.
Россия-Украина фронтининг ушбу янги участкасида нималар содир бўлаётгани ҳақида – BBC шарҳида.
Украина қуролли кучлари қўмондонлиги одатда ҳужум амалиётлари қандай кечаётганини жуда кам изоҳлайди, Белгород области билан боғлиқ вазиятда эса умуман изоҳ бермаяпти.
Россия мудофаа вазирлиги ҳам Белгород области ҳудудидаги вазиятни кам ёритмоқда. 18 март куни Украина қуролли кучларининг Россия мудофаасини ёриб ўтишга биринчи уринишлари ҳақида маълум бўлгач, ҳарбий раҳбарият барча ҳужумлар қайтарилгани, давлат чегарасини кесиб ўтишга йўл қўйилмагани ҳақида баёнот берганди.
«Белгород йўналишида „Север“ қўшинлари гуруҳи бўлинмалари томонидан Суми областининг Угроеди, Мирополе ва Краснополе аҳоли пунктлари ҳудудларида Украина қуролли кучларининг иккита механизациялашган бригадаси, ҳужум полки ва ҳудудий мудофаа кучлари бригадасининг жонли куч ва техникаси тўпланган жойларга зарба берилди», – дейилади вазирликнинг 25 март кунги ҳисоботида.
Аввалги маълумот билан солиштирганда, бу хабарда Украинанинг битта аҳоли пункти номи тушиб қолган ва Украина томони йўқотишлари ҳақидаги маълумотлар бошқача эди.
Эвакуация
Шу билан бир вақтда россиялик ҳарбий блогерлар Белгород областидаги мураккаб вазият ҳақида хабар бермоқда, маҳаллий ОАВ аллақачон иккита ҳудуд – Краснояружский ва Ракитянский районлари шиддатли ўққа тутилгани ҳақида ёзмоқда, интернетда инфратузилма иншоотлари вайрон бўлгани акс этган тасвирлар пайдо бўлган.
Регион раҳбари Вячеслав Гладков 23 март куни Белгород областининг Краснояружский районида яшовчи аёлининг аксар қисми – «амалда барчаси» эвакуация қилинганини айтди. Унинг сўзларига кўра, эвакуация Ракитянский райони аҳолисининг ҳам бир қисмини қамраб олган. Гладков хавфсиз жойларга олиб кетилганларнинг жами сонига аниқлик киритмаган.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил бошида Краснояружский районида 13,8 минг киши яшаган.
















