Ўзбекистон | 13:58 / 24.01.2024
2284
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ўзбек маҳсулотларини тарқатиш омборхоналари очилади

Деҳлидаги элчихона томонидан Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар уюшмаси, Ҳиндистон-Марказий Осиё жамғармаси ва Right Advisors Pvt. Ltd. компанияси вакиллари ўртасида онлайн шаклдаги музокаралар ташкил этилди.

Фото: «Дунё» АА

«Дунё» хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Сардор Аббосхонов Ҳиндистон бозорига ўзбек заминида етиштирилган сархил мева-сабзавотлар ва улардан тайёрланган тайёр маҳсулотларни етиштириб бериш ҳажмларини ошириш истиқболларига эътибор қаратди, бу борадаги амалий таклифларни илгари сурди.

Right Advisors Pvt. Ltd. компанияси бошқарувчи директори Ҳиманшу Бансал ва Ҳиндистон-Марказий Осиё жамғармаси директорининг ўринбосари Капил Моҳан Кумар Ўзбекистонда етиштирилган ва тайёрланган маҳсулотлар юқори сифати ва экологик тозалиги билан ажралиб туришини таъкидлади. Ҳиндистон бозорида уларни тарғиб қилиш ва илгари суриш, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий талаблар даражасида қадоқлаш, сақлаш ва етказиб бериш юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Томонлар Ўзбекистондан Ҳиндистонга товарлар экспорт қилишда транспорт-логистика ва тариф масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашди, ушбу мамлакатнинг турли шаҳарларида ўзбек маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш учун омборхоналар ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид