Россия мудофаа вазирлиги чоршанба куни Белгород областида украиналик ҳарбий асирларни алмашув учун олиб кетаётган Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти уриб туширилганини маълум қилди. Баёнотга кўра, зарба Харкив областидан туриб берилган.

Москвадагилар нималар дейишмоқда?

Қулаган Ил-76 бортида Украина қуролли кучларининг Белгород областига алмашув жараёни учун олиб келинган асирликдаги 65 ҳарбийси, самолёт экипажининг олти аъзоси ҳамда уч нафар қўриқчи бўлган, деб хабар берган Россия мудофаа вазирлиги. Яъни 74 киши. Уларнинг барчаси самолёт ҳалокати оқибатида ҳалок бўлган.

Россия ҳарбий идорасига кўра, Украина қуролли кучлари Харкив областининг Липци қишлоғи ҳудудида жойлаштирилган зенит-ракета комплексидан иккита ракета учирилган. Мудофаа вазирлиги бу учиришлар Россия радиолокацион воситалари орқали қайд этилганини маълум қилган.

РФ мудофаа вазирлигига кўра, Ил-76 самолёти Москва областидаги Чкаловский аэродромидан Белгородга учган. ТАСС агентлиги маҳаллий руҳонийга таяниб ёзишича, у Яблоново қишлоғидан беш-олти километр масофада қулаган, ерда вайронгарчиликлар қайд этилмаган.

Бунгача маҳаллий телеграм-каналлар ва ҳарбий соҳага ихтисослашган блогерлар Ил-76 Белгород областининг Корочанский районига қулаганини айтиб, самолёт қулаши ва портлаши акс этган видеони тарқатганди.

Россия мудофаа вазирлиги ҳалокатни теракт деб атаган ва бунда «Киев режими»ни айблаган.

Вазирлик версиясига кўра, Украина ҳукумати «мавжуд амалиёт бўйича бугун украиналик ҳарбий хизматчилар Белгород аэродромига ҳарбий-транспорт самолётлари орқали етказилиши керак бўлгани»дан бохабар бўлган. Хабарда айтилишича, асирлар алмашинуви 24 январ куни куннинг иккинчи ярмида Колотиловка назорат-ўтказиш пунктида амалга оширилиши керак эди. 

Вазирликдагиларнинг ҳисоблашича, «Киев режими бу қадамни Россияни украин ҳарбийларини йўқ қилишда айблаш мақсадида ташлаган».

The Insider нашрининг асирлар алмашинуви жараёнидан хабардор манбаси асирлар бунгача ҳам бир неча марта «самолётларда олиб келингани»ни тасдиқлаган. Аммо Россия бугун бу ҳақда огоҳлантириш юбормаган.

Кремл самолёт ҳалокати бўйича изоҳ беришдан бош тортди. «Бу янги хабар. Энди бу маълумот ўрганилади. Ҳозирча ҳеч нарса айта олмайман», — деган журналистларга РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Владимир Путиннинг ўзи ҳозирча бу борада ҳеч нарса демаган.