Хитойга давлат ташрифининг ишбилармонлик тадбирлари давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Гуандун музофоти партия қўмитаси котиби Хуан Кунмин билан биргаликда Шэнчжэн шаҳрида ўтаётган қўшма инвестиция форумида иштирок этди.
Давлат раҳбари форумни очар экан, барча иштирокчиларни самимий қутлади ва тадбир ҳақли равишда Хитойнинг инновациялар пойтахти ҳисобланган Шэнчжэн шаҳрида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно мужассам эканини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал суръатда ўсиб, кенг кўлам касб этаётганига алоҳида эътибор қаратди. Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайиб, 2023 йилда рекорд кўрсаткич - 14 миллиард долларга етди.

Давлат раҳбари яқин йилларда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, айрим турдаги маҳсулотлар бўйича имтиёзли савдони йўлга қўйиш тўғрисида янги ҳукуматлараро битим тузиш орқали бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш учун имконият борлигини яна бир бор қайд этди.
Хитойнинг Ўзбекистонга киритган умумий инвестициялари ҳажми 14 миллиард доллардан ошди. Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайди. Давлат раҳбари яқинда Урумчида ўтган ҳудудлараро форум ва саноат маҳсулотлари кўргазмасида муҳим инвестиция келишувлари имзоланганини юқори баҳолади.

Ўзбекистон томони ушбу ишбилармонлик платформасига тизимли тус бериш ва навбатдаги форумни юртимизда ўтказишга тайёрлиги билдирилди. Шунингдек, давлат раҳбари доимий фаолият юритадиган икки мамлакат ҳудудлари кенгашини ташкил этиш бўйича режаларни олқишлади.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янги лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришга сафарбар этиш муҳимлигини қайд этиб, давлат раҳбари келгуси ҳамкорликнинг устувор ва истиқболли йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Булар - инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларига Хитой молия институтлари маблағларини жалб қилишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилган ҳолда ушбу мамлакат компаниялари билан шерикликни кенгайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида, шу жумладан стратегик хомашёни чуқур қайта ишлашда саноат кооперациясини ривожлантириш.



















