– Тадбиркорлар рейтинги жорий қилиняпти. Бундан мақсад нима?
– Рейтинг олдин жазоловчи бўлган бўлса, энди рағбатлантирувчи бўляпти. Юқори рейтингга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади. Қуйи рейтингдагиларга чора кўриш, текшириш кўзда тутилмаган.
Қарор билан белгиланяптики, агар тадбиркор А рейтинг оладиган бўлса, солиқ идоралари томонидан унга текширишлар ўтказилмайди. ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтариб берилади – амалдаги муддат эса 7 кундан 30 кунгача. ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бор, улардан ҳосил бўлган ортиқча солиқларни ҳам бир кунда қайтариб бериш кўзда тутиляпти. Бу ҳам амалда 10 кундан 15 кунгача бўлган муддатни талаб қилади.
Яна бир рағбатлантириш – солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилиняпти. Амалда бу фақат йирик солиқ тўловчилар учун амал қилади. Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилади. Рейтингнинг асосий мақсади тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлардан келиб чиқиб қўшимча, ҳеч қандай мажбуриятлар юкламаган ҳолда ўзлари бажариши керак бўлган мажбуриятларни вақтида бажаришга ундашдир. Бунда ортиқча ҳеч қандай мажбуриятлар юкланмайди.
– Рейтингда юқори баллга эга бўлиш учун нималар қилиш керак?
– Мезонларимиз 23 та этиб белгиланган ва улар 3 га бўлинган. Биринчиси – ҳамма учун бир хил бўлган мезонлар. Бунда 10 та мезон кўзда тутилган, шунинг ўзида тадбиркор 100 балл оладиган бўлса, бошқа мезонлар унга таъсир қилмайди.
Кейинги мезонлар камайтирувчи мезонлар ҳисобланади. Қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар ёки ҳисоботларга қайта-қайта тузатиш киритиб тақдим этган ҳолатлар, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш йил давомида кўпайиб кетса, камайтирувчи мезонлар ишлайди.
Камайтирувчи мезонлар умумий белгиланган мезонларни камайтириб берса, қўшимча рағбатлантирувчи баллар бор. Булар – ижтимоий реестр, аёллар дафтарига кирган фуқароларни ишга олса ва улар умумий ходимларнинг 10 фоизидан кўпроқни ташкил қилса, қўшимча 5-10 балл берилади. Бунда ҳам тадбиркорга ҳеч қандай мажбурият туғилмайди.
Умумий баллар 10 та мезон асосида баҳоланади. Тадбиркор фаолиятини қанча кўп давом эттирса, бу мезон учун 10 балл берилади. Худди шундай солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатда тақдим этса яна 10 балл берилади. Агар кечиктирса, балл ололмай қолиши мумкин. Солиқ тўловларини ҳам белгиланган муддатдан кечиктирмай вақтида тўлаб борса, 10 балли тизимда балл олишлари мумкин. Тўланмаган суммани солиқ органлари мажбурий тартибда ундирадиган бўлса, балл йиғолмайди ва қўшимча балл чегиралади. Шунинг учун вақтида ва ихтиёрий тўлаб борса, шунча юқори балл олишлари мумкин бўлади.














