Ўзбекистон | 13:10 / 29.01.2024
13311
3 дақиқада ўқилади

2023 йилда 4 мингга яқин ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилган

Ўзбекистонда 2023 йилда 4 мингга яқин ноқонуний қурилиш ҳолати аниқланди. Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойлар тўсиб олинган.

Фото: Shutterstock

Президент 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ноқонуний қурилиш ишлари ҳақида гапирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг ўзида 4 мингга яқин бундай ҳолат аниқланган.

Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойлар тўсиб олинган.

Ҳудудларда, айниқса, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний автомобиллар учун тўхташ жойлари қилиб, «блокатор»лар ўрнатиш авж олмоқда, дейилади хабарда.

Йиғилишда мутасаддилар аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.

«Бош режаси бор ҳудудларда ҳам қурилиш ишлари пала-партиш ташкил этилмоқда, Қурилиш вазирлигида буни назорат қиладиган тизим ишламаяпти», деди давлат раҳбари.

Умуман, кўчаларнинг ягона қиёфасига амал қилиш тизими йўқлиги, турли услубдаги бинолар ёнма-ён қурилиб, шаҳарларнинг архитектура қиёфаси бузилаётгани қайд этилди.

Йиғилишда ўзбошимчалик билан ва ноқонуний қурилган объектларни тартибга олиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Бунда, Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги ва «Ўзбеккосмос» бошчилигида республика комиссияси тузилади.

Комиссия мунтазам равишда ҳудудларнинг аэро ва космик суратларини олиб, таҳлил қилади ва олдинги суратлар билан тафовутларни аниқлайди ва ноқонуний қурилишлар рўйхатини шакллантиради.

Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга жорий йилда 170 та, келаси йилда эса камида 300 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режасини ишлаб чиқишга топшириқ берилди.

Шунингдек, ҳар бир ишлаб чиқилган режани аҳоли билан муҳокама қилиш ва ижроси бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун «Менинг ҳудудим» платформаси ишга туширилиб, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва овоз бериш механизмини жорий қилиш топширилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид