Тошкентда 28 октябрь куни Марказий Осиё халқаро таълим форуми бошланди. Унда 40 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, таълим ва фан вазирлари, 500 га яқин маҳаллий ва хорижий олийгоҳ раҳбарлари ҳамда мингдан зиёд эксперт иштирок этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев анжуман иштирокчиларига мурожаат йўллади. Уни президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиди.

Давлат раҳбари қутловида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Қарийб 85 миллион аҳолига эга минтақамизнинг энг катта бойлиги эса билимга интилаётган ёш авлоддир.

«Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл – сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир»,

– дейилади мурожаатда.

Президент Ўзбекистонда таълим ислоҳотлари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этди. Яқинда мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқаруви ягона тизимга бирлаштирилди. Бундан мақсад – боланинг дастлабки билим олишидан етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланишигача бўлган босқичлар узвийлигини таъминлаш.

Мурожаатда таълим ёшларни мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва умри давомида ўрганишга тайёрлаши зарурлиги таъкидланган. Ўқитувчи ва мураббийларнинг ролини ошириш, мактаб, техникум, университет ҳамда ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, қизлар, чекка ҳудудлардаги болалар ва алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилди.

Президент сунъий интеллект ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги қўшма дастурлар ва тадқиқотларни кўпайтириш, талаба ҳамда олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Давлат раҳбари Марказий Осиёни илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантиришдек стратегик мақсад йўлида форумда амалий таклифлар илгари сурилишига ишонч билдирди.