Ўзбекистон | 11:59 / 02.02.2024
5304
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқдаги дам олиш масканларига олиб борувчи йўлда ҳаракат бир томонлама ташкил этилади

Яқинлашаётган дам олиш кунларида Бўстонлиқнинг тоғли ҳудудларидаги дам олиш масканларига ташриф буюрувчи фуқароларнинг сони ортиши инобатга олиниб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида йўлнинг маълум қисмида ҳаракат бир томонлама ташкил этилади.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ

3–4 феврал кунлари Бўстонлиқ тумани тоғли ҳудудларидаги дам олиш масканларига олиб борувчи айрим йўлларда ҳаракат бир томонлама ташкил этилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Бўстонлиқ туманидаги тоғли ҳудудларда жойлашган Амирсой, Белдерсой, Чимён каби дам олиш масканларида шанба-якшанба кунлари фуқаролар ташрифи одатдагидан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда юқорида саналган дам олиш масканларига олиб борувчи йўлда ЙТҲ ва тирбандликларнинг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини ишончли таъминлаш мақсад қилинган.

Режага кўра, 4Р6 Тошкент–Чирчиқ–Чимён автомобил йўлининг 57-километридан бошлаб мазкур йўлнинг 92-километригача, яъни 4Р10 автомобил йўли билан туташган жойгача транспорт воситаларининг ҳаракати бир томонлама ташкил этилади.

Ҳаракат бир томонлама ташкил этилган йўлнинг бошида 5.5 (бир томонлама ҳаракатли йўл) ва унинг охирида 5.6 (бир томонлама ҳаракатли йўлнинг охири) ахборот кўрсаткич йўл белгилари, шунингдек, ҳаракатланиб кириш тақиқланган қисмида 3.1 (кириш тақиқланган) йўл белгиси ўрнатилади.

Тошкент шаҳри томонидан 4Р12 автомобил йўли ёки Чирчиқ шаҳри томондан келинса, дейлик, Амирсойга чиқиш учун 4Р12 ва 4Р6 автомобил йўллари кесишган жойдан 4Р6 йўлига, яъни Ғалвасой маҳалласи томонга бурилиш керак.

Йўл бўйлаб кетаверишда 4Р10 автомобил йўли туташган қисмига, яъни Юсуфхона чорраҳасига етиб борилади. У ерда бир томонлама ҳаракат тугайди. Чорраҳадан 4Р10 йўлига бурилиб, дам олиш масканларидан ортга қайтиш мумкин.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид