АҚШнинг демократлар қўлидаги федерал ҳукумати ва мудом республикачилар бошқарадиган Техас штати раҳбарияти ўртасида ноқонуний муҳожирлар масаласидаги зиддият чуқурлашиб бормоқда. Kun.uz мухбири бу ҳақдаги саволларга жавоб олиш учун “Америка овози” муҳаррири Навбаҳор Имомова билан суҳбатлашди.
— Техас ва АҚШ ҳукумати ўртасидаги келишмовчилик асоси нимада?
— Бу мавзуларнинг бирортаси янги эмас аслида. Биз инқироз деб қараётган вазият етилиб келаётган эди анчадан бери. Охирги 2-3 йилда Мексика чегарасидан АҚШга кириб келаётганлар, бошпана сўраётганлар мисли кўрилмаган даражада ошган. Обама даврида ҳам бу ҳолат кучайган эди ва ваҳима даражаси юқори эди, чегарадаги штатларда федерал ҳукуматга норозилик бўлган. Трамп ҳокимиятга келгач, кескин сиёсат олиб борди, чегарада девор қуришни айтди, камроқ одамга бошпана берилиши керак, деган талаб қўйди ва вазият оғирлашди. Байден президентликка келгач, вазият юмшади, аммо у ердаги аҳвол яхшиланмади. Техас, Аризона, Ню-Мексика, Калифорния штатлари доимий равишда мигрантлар муаммоси билан юзлашади. Лекин Техас мигрантлар билан курашишни ҳам истаяпти, мигрантларни назорат қилувчи федерал тизим бор, шу билан бирга штатда ҳам ваколатлар бор, ўзига яраша кучга эга.
Калифорния либерал штат бўлгани учун федерал ҳукумат билан ҳамоҳанглик бор. Калифорния штати ва Байден маъмуриятига кўра, АҚШ мигрантлар масаласида инсонпарварлик билан ёндашиши керак. Лекин Техас ва Аризонада норозилик ҳисси юқори, у ердаги консерваторлар, айниқса, Техас губернатори Грег Абботт бу масалани ўзимиз ҳал қиламиз, федерал тизимга қараб ўтирмаймиз, эплай олишмаяпти, деяпти.
Техас штатида ҳатто кўчада ҳужжатсиз юрган ҳар қандай одамни ҳибсга олиш мумкин, деган қонун чиқарилган. Федерал тизим, адлия тизими айтишича, бу қонун АҚШ тизимига қарши бўлган қонун. Федерал ҳукумат ва Техас штатининг мигрантлар масаласидаги чоралари бир-бирига тўғри келмаяпти. Конституцияга кўра, бундай ҳолатда федерал ҳукумат устун бўлади, Олий суд ҳам шуни таъкидлаяпти. Техас штати маъмурияти ҳам буни инкор этмаяпти, фақат сиз буни эплай олмаяпсиз, деган иддао қиляпти федерал ҳукуматга. Грег Абботт мен губернатор сифатида аҳоли хавфсизлигини таъминлашим керак, аммо федерал ҳукумат мигрантлар муаммосини ҳал этолмаяпти, жиноятлар бўляпти, шунинг учун бу масалани ўзимизга қўйиб беринг, деяпти. Энди ўзимиз ҳал этамиз, Техаснинг ери бу ерлар, деган даъво билан федерал чегарачилар штат чегара ҳудудларига яқинлаштирилмаяпти. Оқ уйнинг кучсизлиги эса Техас маъмуриятини ишонтириб, муросага кела олмаяпти. Федерал тизим штатларга кириб борганда унинг вазифалари аниқ бўлиши, штат маъмурияти нималар қилиши аниқ бўлиши керак, аммо ҳозир шу нарса мавҳумлашиб қоляпти.













