Жаҳон | 14:34 / 06.02.2024
17760
3 дақиқада ўқилади

Ўлжас Бектенов Қозоғистон бош вазири лавозимига тасдиқланди 

У 1980 йилда туғилган, 2022-2023 йилларда Қозоғистон коррупцияга қарши курашиш агентлигини бошқарган, тайинловга қадар президент администрацияси раҳбари эди.

Фото: akorda.kz

6 феврал куни Қозоғистон Республикаси парламенти йиғилишида AMANAT партияси томонидан мамлакат бош вазирлигига номзоди илгари сурилган Ўлжас Бектенов ушбу лавозимга тасдиқланди. Orda.kz хабарига кўра, бошқа вазирлар ҳам яқин вақтлар ичида лавозимга тайинланади. 

Овоз бериш жараёнида 69 депутат розилик берган, етти нафари бетараф қолган.

Бектеновнинг номзоди партия раҳбари Ерлан Кошанов томонидан илгари сурилганди. Президент Тўқаев ҳам номзодни маъқуллаган. Шу билан бирга, давлат раҳбари Алихан Смаилов ўзи истеъфога чиққанини маълум қилган. 

«Ҳукумат қарорларни текзор қабул қилиш ва самарали қадамлар қўйишда янгича, муҳим ролни ўйнаши керак. Халқимизнинг фаровонлиги йўлида иқтисодиётни диверсификация қилишни рағбатлантиришга қаратилган дадил, қатъий қарорлар қабул қилишимиз керак. Янги реалликларга мослашиш зарур. Биз янги чақириқларга дош беришимиз, ҳукумат бунга тайёр бўлиши лозим. Ҳукумат фаолиятига янги туртки бериш керак, жамоатчилик ҳам шуни кутмоқда. Шу туфайли мен Алихан Смаиловнинг истеъфосини қабул қилдим», деган Тўқаев. 

Президент Смаилов раҳбарлигидаги ҳукумат барча соҳаларда барқарорликни таъминлаганини таъкидлаган. 

У янги бош вазир ҳақидаги фикрларини ҳам билдирган. «Тажрибали давлат хизматчиси, олий маълумотли, ташкилотчилик қобилияти яхши, меҳнаткаш. Шу боис ўз мақсадларига эришиш учун унинг салоҳияти етарли, деб ўйлайман», дея изоҳлаган Тўқаев Бектенов номзоди бўйича қарорини.

Қосим-Жўмарт Тўқаев 5 феврал куни Алихан Смаилов ҳукуматини истеъфога чиқарганди. У икки йил муқаддам — 2022 йил январидаги намойишлардан кейин бош вазирликка тайинланганди. 

Ўлжас Бектенов 2023 йил апрелидан буён президент администрациясига раҳбарлик қилиб келаётганди. У 2016 йилдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш агентлигида турли лавозимларда фаолият юритган, 2022-2023 йилларда идорага раҳбарлик қилган. Унинг раҳбарлиги даврида шов-шувли ҳибслар ва суд ишлари кузатилган, хусусан собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболди ва қудаси Қайрат Бўронбоев кабилар кўп миллиардлик активларни давлатга қайтаришга мажбур қилинган.

Мавзуга оид