7 февралга ўтар кечаси ва тонгда Россия қўшини Украина шаҳарлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Киев ва Миколайивда маҳаллий расмийлар ҳозирча беш киши ҳалок бўлгани ва 20 га яқин киши яралангани ҳақида маълум қилган. Россия мудофаа вазирлиги ёппасига зарбалар йўлланганини тасдиқлаган..

Киевда Голосеевский районидаги 18-қаватли турар жой биносига жиддий шикаст етган. Бу ерда кўплаб квартиралар кучли ёнғин ичида қолган. Уйда деразаларнинг ойналари тўкилган ва балконлар вайрон бўлган.

Шаҳар мэри Виталий Кличконинг хабар беришича, уйда яшовчилардан тўрт киши ҳалок бўлган. Украина ички ишлар вазири Игор Клименко 19 киши жароҳатлангани, 60 дан ортиқ киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган.

Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попкога кўра, ҳарбийлар Киевга ракета ҳужумларини қайтариш чоғида йигирмага яқин қанотли ракеталарни уриб туширишга муваффақ бўлишган.

«2024 йилда Киевга учинчи ракета зарбаси. Душман Россия ҳудудидан туриб Ту-95МС стратегик бомбардимончилари бортидан Х-101/Х-555/Х-55 қанотли ракеталарини учирган. Ҳаво тревогаси уч соатга яқин давом этди», — деган Попко. Унинг сўзларига кўра, ракеталар Украина пойтахтига бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишлардан бир неча тўлқин бўлиб яқинлашган.

Қурбонлар фақат Киев билан чекланмаган. Қутқарувчилар хабар беришича, Миколайив ўққа тутилиши оқибатида 70 ёшли киши ҳалок бўлган. У «Нафтогаз»нинг газ тармоғида хизмат қилувчи монтёри бўлган. Компания матбуот хизмати аниқлик киритишича, ракета унинг уйи олдига тушган. Шаҳарда иккита газ қувури шикастланган.

Россия мудофаа вазирлиги Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар йўлланганини тасдиқлаган. Россиялик ҳарбийлар ҳарбий-саноат комплекси корхоналарига «ҳаво ва денгиздан туриб юқори аниқликда ва узоқ масофага ҳаракатланувчи» қуроллар, шунингдек дронлар билан гуруҳли зарбалар йўлланган.

Киевдаги жабрланувчилар

Икки ҳафталик танаффусдан кейинги янги зарба

Бу 23 январдан буён илк комбинацияланган ҳужум бўлди. Ўшанда, Украина ҚК маълумотига кўра, дронлар ҳужуми ортидан Ту-95МС бомбардимончи самолётлари қанотли ракеталар учириб, Киев, Харкив ва Павлоградга зарба берган. Ўнлаб кишилар жароҳатланган, қурбонлар ҳам қайд этилганди.