АҚШ прокурори Байденни «хотираси чекланган қария» деб атади
Президентнинг бундан жаҳли чиқди ва ўзида ҳаммаси жойида эканини айтди — аммо яна «қовун тушира» бошлади.
АҚШ Адлия вазирлиги президент Жо Байден 2017 йилда вице-президент лавозимини тарк этаётганда ўзи билан олиб кетган махфий ҳужжатларни нотўғри сақлагани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилди. Иш билан шуғулланган махсус прокурор Роберт Ҳур ҳисоботида Байден тергов билан ҳамкорлик қилаётгани ва эҳтимолий суд жараёнида ҳакамлар ҳайъатини ҳужжатларга эга бўлиш ноқонуний эканлигига ишонтириш қийин бўлиши таъкидланган.
«Биз суд жараёнида Байден ўзини, худди суҳбатимиз пайтида бўлгани каби, яхши ниятли, аммо хотираси ёмон кекса одам сифатида кўрсатиши мумкинлигини ҳисобга олдик», деб прокурорнинг сўзларини келтирди Reuters. Махсус прокурор ҳисоботида Байденнинг хотираси «сезиларли даражада чекланган», деб ёзилган. Масалан, президент ўғлининг вафот этган санасини эслай олмаган.
Ҳисобот эълон қилинганидан кўп ўтмай, Оқ уй Ҳурга президент хотирасига «ноўрин танқид» қилиш «нотўғри, асоссиз ва хато» эканини уқтирди. Оқ уйнинг таъкидлашича, гувоҳларга хос бўлган хислат – «кўп йиллар олдин бўлган воқеаларни эслай олмаслиги»ни тасвирлаш учун «ўта нохолис тил» ишлатилган. Қайд этилишича, Байден 8 ва 9 октябр кунлари, яъни ҲАМАС ва Исроил можароси бошланганидан бир кун ўтгач, терговчиларга беш соатлик иккита интервю берган. Ваҳоланки, бир кун олдин Америка етакчиси кўплаб давлатлар раҳбарлари билан телефон суҳбатлари ўтказишига тўғри келган.
Шундан сўнг, Жо Байденнинг ўзи ҳам матбуотга мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, терговда баъзан 40 йил олдин бўлган воқеаларга тўхталиб ўтилган, бу эса «тушкунликка солган». Бундан ташқари, ўғлининг вафоти санаси ҳақидаги саволдан кескин норози бўлган.
«Қандай қилиб у бундай саволни беришга журъат этди? Мендан бу ҳақда сўрашганда, «уларнинг нима иши бор», деб ўйладим. Унинг вафот этган санасида ҳар доим хотира тадбири ўтказамиз. Бу ҳақда менга эслатиш шарт эмас», деди Байден қисқа нутқи давомида.
Журналистлар президентдан махсус прокурорнинг «хотираси ёмон, яхши ниятли қария» деб таърифлашига изоҳ беришни сўради.
«Мен энг яхши ниятлар билан ҳаракат қиламан. Мен кекса одамман ва нима қилаётганимни биламан. Мен президент сифатида бу мамлакатни оёққа турғаздим. Менга унинг тавсиялари керак эмас. Хотирам яхши», деб жавоб берди Байден.
Прокурорларнинг Байденга қарши даъволари махфий ҳужжатлар билан боғлиқ. Жумладан, 2022 йил ноябр ойида унинг Вашингтондаги собиқ офисида ва Уилмингтон шаҳридаги уйи гаражида 2009-2017 йилларга алоқадор ўнлаб махфий ҳужжатлар топилди. Байден шу даврда АҚШ вице-президенти бўлиб ишлаган. Президент адвокатлари топилган барча ҳужжатларни дарҳол Миллий архивга топширишди. АҚШ қонунчилигига кўра, Байден уларни ўз лавозимини тарк этган пайтда архивга топшириши шарт эди.
Reuters агентлиги ёзишича, бу ҳужжатларда Афғонистондаги уруш ҳақидаги махфий маълумотлар, жумладан, 2009 йилда Байден президент Барак Обамага мурожаат қилиб, Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сонини кўпайтиришга қарши чиққан эслатма ҳам бор эди.
Махсус прокурор ҳисоботи эълон қилинганидан кейин, Байден Обамага йўллаган эслатма «шахсий» экани ва махфий эмаслигини таъкидлади. Президент махфий ҳужжатларни қасддан сақлагани ҳақидаги ҳар қандай айбловларни «бутунлай хато» деб атади.
Брифинг сўнгида журналистлар Байденга Ғазо секторидаги вазият ҳақида бир қанча саволлар беришди. Уларга жавобан Оқ уй раҳбари Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийни янглишиб Мексика етакчиси деб атади. Атиги бир неча дақиқа олдин Байден ўзининг хотираси яхши эканини айтган эди.
2023 йил ноябр ойида Жо Байден 81 ёшга тўлди. Қўшма Штатларда янги сайлов кампанияси бошланиши билан ҳозирги президентнинг ёши республикачилар томонидан танқиднинг асосий мавзуларидан бирига айланди. CNN ёзганидек, улар «имкон топилди дегунча бу масалани кўтармоқда».
Америкадаги оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, Байденнинг жисмоний ҳаракатлари ишончли эмас, у зинапоялар ва самолётларда қоқилади, шунингдек, исмларда мунтазам равишда хато қилади. Масалан, сайловолди тадбирларидан бирида Байден икки марта Германия канцлери билан суҳбатига ишора қилиб, уни янглишиб Ҳелмут Кол деб атаган, яна бирида эса қўшиқчилар Бритни Спирс ва Тейлор Свифтни адаштириб юборган.
The New York Times газетаси ёзишича, жиноий айбловлар йўқлигига қарамай, Ҳур ҳисоботи Байденга «сиёсий зарар» етказиши мумкин.
Шу билан бирга, Байденнинг сайловдаги асосий рақиби Доналд Трамп ундан атиги тўрт ёш кичик. У ҳам Оқ уйнинг амалдаги раҳбари сингари, махфий ҳужжатларни нотўғри сақлашда айбланган. Махсус прокурор ҳисоботи чоп этилгандан сўнг, кўплаб нашрлар бу икки ишни таққослаб кўрди. Бироқ Трамп, Байдендан фарқли ўлароқ, махфий ҳужжатларни ўз ихтиёри билан қайтармаган ва бундан ташқари, айблов хулосасида айтилганидек, ўзи ҳам интервюларидан бирида уларни журналистга кўрсатган.
Трамп ҳужжатларни нотўғри сақлаш бўйича ўз айбини тан олмайди ва сиёсий сабабларга кўра таъқиб этилаётганини даъво қилади.
«Айниқса, менинг ишим билан Трамп иши ўртасидаги фарқни кўриб хурсанд бўлдим. У кўп ойлар давомида ҳужжатларни қайтаришдан бош тортган, уларни йўқ қилишга уринган ва бу ҳақда ёлғон гапирган», деди Байден матбуотга мурожаати чоғида.
Байденнинг ёши нафақат республикачиларни, балки демократ сайловчиларни ҳам хавотирга солмоқда. CNN билан аноним тарзда гаплашган Оқ уй расмийлари бу «нозик масала» эканини тан олган, аммо «бу борада ишлаяпмиз» деган. Масалан, Байденга юриш қулай бўлиши учун махсус ортопедик тагликлар буюрилган. Парвоз пайтида эса қисқароқ траплардан фойдалана бошлаган.
Байден ёрдамчилари президент шахсий мунозараларда ва чет эл етакчилари билан учрашувларда ўткирлигини таъкидламоқда. Бироқ, махсус прокурор томонидан эълон қилинган ҳисобот бунга шубҳа туғдиради, деб таъкидламоқда The New York Times. Чунки, ушбу ҳисобот ижтимоий тармоқлардаги қисқа статуслар ёки оммавий тадбирлардаги баёнотларга эмас, балки кўп соатлик мулоқотга асосланган.
Байден ўз ёшини донолик ва тажриба манбайи деб атайди. «Мен АҚШ тарихидаги барча президентлардан кўра кўпроқ тажрибага эгаман», деди у сайловолди маблағ йиғиш тадбирларидан бирида.
Мавзуга оид
14:42
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024