2024 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган «2023 йилнинг IV чораги учун пул-кредит сиёсати шарҳи»да маълум қилинди.
Ташқи иқтисодий шароитларнинг ривожланиш истиқболлари
2024 йил учун глобал иқтисодий ўсиш АҚШ иқтисодиёти, бир қатор йирик ривожланаётган давлатлар, жумладан, Хитой иқтисодиёти бўйича ижобий кутилмалар фонида 3,1 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Асосий савдо ҳамкорлар орасида ҳам жорий йилда нисбатан пастроқ иқтисодий ўсиш прогнозлари мавжуд.
Асосий хатар сифатида Хитой иқтисодиёти ўсишининг секинлашиши келтирилган. Бу асосан, заиф истеъмол талаби, кўчмас мулк ва қурилиш секторларидаги мавжуд муаммолар, инвестиция фаоллиги пасайиши ва корпоратив сектордаги юқори қарздорлик билан изоҳланган.
Россия иқтисодиёти бўйича прогнозлар аксинча юқорилаш томонга тўғриланган. Мудофаа саноати ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш секторларидаги ўсиш ижобий кутилмаларни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлган.
«Қатъий пул-кредит сиёсати билан биргаликда нисбатан барқарор шаклланган рубл курси инфляциянинг биринчи ярим йилликда мувозанатда бўлишига хизмат қилади», дейилади МБ шарҳида.
Қозоғистон иқтисодиёти ўсиши бўйича кутилмалар бироз салбий томонга қайта кўриб чиқилган. Бу ўзгариш, OPEK+ гуруҳи келишуви асосида 2024 йилда вақтинчалик нефт ишлаб чиқариш ҳажмлари қисқартирилиши билан боғлиқ. Жорий йилда қатъий пул-кредит сиёсати юритилиши оқибатида Туркия иқтисодиётининг кутилганидан пастроқ ўсиши ҳам прогноз қилинмоқда.
2024 йилда АҚШ Федерал захира тизими(ФЗТ) фоиз ставкасининг 4,6 фоизгача пасайиши таъсирида жаҳон молия бозорларида молиялаштириш қиймати учун эталон бўлган форвард SOFR ставкаси ҳам йил охирига келиб 5,3 фоиздан 4 фоизгача, 2025 йил охирига келиб эса 3,3 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Мис, олтин ва нефт нархи бўйича кутилмалар
Брент маркали нефтнинг ўртача нархи 2024 йилда бир баррели 82 АҚШ доллари ва 2025 йилда 79 АҚШ долларигача пасайиши мумкин. Бироқ геосиёсий вазият кескинлашуви ва товар етказишдаги узилишлар содир бўлган тақдирда, нархлар анча юқори ва юқори тебранувчан бўлиши тахмин қилинган.










