“Ўзбекинвест” компанияси суғурта соҳасини ривожлантиришда фаол иштирок этиб, ижобий ривожланиш динамикасини намойиш этди ва 2023 йил якуни бўйича бизнеснинг асосий кўрсаткичлари бўйича барқарор ўсишни таъминлади.

“Ўзбекинвест” компанияси 2023 йилдаги фаолиятининг якунларига кўра, Ўзбекистон суғурта бозорида етакчи ўринни сақлабгина қолмай, балки янада мустаҳкамлаб, 1,2 трлн сўм суғурта мукофотларининг ялпи йиғилишини таъминлади ҳамда 2022 йил якунига нисбатан ҳажмларнинг 1,3 баробар ўсишига эришди.

2016 йилдан 2023 йилгача бўлган давр мобайнида йиғилган мукофотлар миқдори 12 баробарга ошди.

2023 йилда компания миллий товар ва хизматлар экспортчиларига 2,5 миллиард доллар миқдорида суғурта ҳимоясини тақдим этди, бу Ўзбекистоннинг нохомашё экспорти қопламасининг 36 фоизини ташкил этди.

Компаниянинг 2023 йилда эришган асосий ютуқларидан бири халқаро суғурталаш ва қайта суғурталаш бозорларида суғурта операцияларининг динамик ва барқарор ривожланиши бўлди. 2023 йил якунига кўра, қайта суғурталаш мукофотларининг ялпи йиғими 50,4 миллион долларни ташкил этди.

Охирги етти йилда компаниянинг суғурта портфелидаги хизматлар экспортининг улуши 0,1 фоиздан 48,5 фоизга ошди.

“Ўзбекинвест” компанияси Германия, Швейцария, Япония, Франция, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Буюк Британия каби етакчи халқаро трансмиллий суғурта ва қайта суғурталаш компаниялари ва брокерлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди ва сўнгги етти йилда фаол, нуфузли ва халқаро суғурта бозорининг тан олинган суғурта компаниясига айланди. Бугунги кунда “Ўзбекинвест” компаниясининг қайта суғурталаш ҳимояси дунёнинг 120 та давлатида қабул қилинмоқда.

Корпоратив сегментда компания томонидан 464,2 миллиард сўм миқдорида суғурта мукофотлари йиғилиши таъминланди, бу эса 2022 йил якунига кўра 2 баробарга кўпдир.

Жисмоний шахсларни суғурталаш сегментида 104,7 млрд сўм суғурта мукофотлари йиғилишини таъминланиб, 2022 йил якунига нисбатан 167 фоизга ўсди,1 миллиондан ортиқ шартнома тузилди.

Мамлакатимиз аҳолисини суғурта қопламаси билан таъминлаш ишларини давом эттириш ва “маҳаллабай” тамойили бўйича ишларни ташкил этиш доирасида 40,5 миллиард сўм миқдорида суғурта мукофотлари йиғилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробардан ортиқ ўсиши таъминланди.

“Ўзбекинвест” компанияси томонидан сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида суғуртадан олдинги текширишларнинг инновацион тизими жорий этилиши бугунги кунда компаниянинг умумий мижозлар базасидаги полисларнинг 87 фоизи маълумотларини қайта ишлаш имконини беради.