Боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.

Ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар деб ҳисобланади.

Қонунчиликка кўра, бундай оилалар жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан озод қилинади.

Мазкур имтиёз бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади.

Аввалроқ, 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–599-сонли Қонуни билан тасдиқланган Солиқ кодексининг 436-моддаси биринчи қисмининг 5-бандидаги “ўн олти ёшга тўлмаган бешта” деган сўзлар “ўн саккиз ёшга тўлмаган тўртта” деган сўзлар билан алмаштирилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда қуйидаги тоифаларга кирувчи шахслар ер солиғидан озод этилган:

1) Ўзбекистон Қаҳрамони, Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Меҳнат Қаҳрамони унвонларига сазовор бўлган, учала даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланган фуқаролар. Мазкур имтиёз тегишли дафтарчалар, орден дафтарчаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

2) уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаштирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;

3) I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

4) ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;

5) боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота-онасидан бири ёки ота-онаси вафот этган ҳамда оилада ўн саккиз ёшга тўлмаган тўртта ва ундан ортиқ болалари бўлган оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Мазкур имтиёз Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;