Ўзбекистон | 11:24 / 20.02.2024
2818
2 дақиқада ўқилади

BBC’да Ўзбекистоннинг туризм ва ишбилармонлик салоҳияти тарғиб қилиниши мумкин 

Лондонда «Би-Би-Си» корпорациясининг телеканали билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистон элчихонасида Британия «Би-Би-Си» корпорациясининг Евросиё мамлакатлари бўйича тижорат ваколатхонаси раҳбари Сергей Становкин билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Унда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, BBC World News глобал платформаси орқали Ўзбекистоннинг туризм ва ишбилармонлик имижини кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Сергей Становкин Ўзбекистонда туризм соҳасига қаратилаётган юқори эътиборни ва мамлакатнинг жаҳон сайёҳлик йўналишлари орасида муносиб ўрин эгаллаш истагини инобатга олган ҳолда, «Би-Би-Си» жаҳондаги энг нуфузли ва обрўли аудитория орасида республика ва алоҳида компанияларнинг жозибадор имижини шакллантиришга, шунингдек, республика сайёҳлик салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

«Би-Би-Си» телеканали бутун дунё бўйлаб 500 миллионга яқин аудиторияни қамраб олади. Улардан 64 фоиз томошабинлар йирик инвесторлар ва молиячилар, 54 фоизи нуфузли бизнесменлардир. Томошабинларнинг 32 фоизи эса йилига 250 минг евродан ортиқ даромадга эга. Телеканал дастурлари 200 та давлат, 350 миллион уй, 1,8 миллион меҳмонхона хоналари, 53 та халқаро авиакомпания, 173 та круиз кемалари, шунингдек, 23 та уяли алоқа оператори тармоқлари орқали эфирга узатилади.

Мавзуга оид