12:19 / 20.02.2024
4812

Липецкда Порошенконинг қандолат фабрикаси миллийлаштирилди

Суд Украина собиқ президенти Петр Порошенко, унинг ўғли Алексей ва Липецкдаги «Рошен» қандолат фабрикаси собиқ директори Олег Казаковнинг Россиядаги фаолиятини тақиқлади. Ушбу фабриканинг мол-мулки Россия Федерацияси фойдасига мусодара қилинган.

Фото: Олег Харсеев / Коммерсантъ

Липецк суди Украинанинг собиқ президенти Петр Порошенкога тегишли Липецкдаги «Рошен» қандолат фабрикасининг активларини Россия фойдасига мусодара қилишга қарор қилди. Бу ҳақда 19 феврал, душанба куни Липецк вилояти суд тизими қўшма матбуот хизмати хабар берди. 

Хабарда айтилишича, суд қарори билан қандолат фабрикасининг улушлари ва бенефициари Петр Порошенконинг ўғли Алексей бўлган, Марказий Европа қандолатчилик компаниясига тегишли бўлган «Рошен» МЧЖ устав капиталидаги 94,9976 фоиз акциялар, шунингдек, Липецк заводининг собиқ бош директори Олег Казаковга тегишли бўлган «Рошен» МЧЖ устав капиталидаги 5 фоиз акциялар Россия Федерацияси даромадига айлантирилиши керак. 

Россияда фаолиятни тақиқлаш 

Бундан ташқари, матбуот хизматининг таъкидлашича, Липецкнинг Октябр туман суди Петр ва Алексей Порошенко, шунингдек, Олег Казаковларнинг Россиядаги фаолиятини «экстремистик фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда» тақиқлаган. Шундай қилиб, суд Россия Федерацияси бош прокурори ўринбосарининг тегишли талабларини қаноатлантирди. 

2013 йилда Роспотребнадзор Roshen қандолат корпорациясидан маҳсулотларни Россияга олиб киришни тақиқлади, 2016 йил декабр ойида Москванинг Басманний суди Россиядан ҚҚСни ноқонуний қайтариш орқали 180 миллион рубл ўғирлаш бўйича жиноий иш доирасида 14 та Roshen кўчмас мулк объектини мусодара қилди. 2017 йил январ ойида Порошенко корпорацияси Липецк қандолат фабрикасининг ишлаб чиқариш фаолиятини «иқтисодий ва сиёсий сабабларга кўра» тўхтатаётганини эълон қилди.

Top