ДХХ қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддаларни тўхтатиб қолди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий ва Самарқанд вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Нуробод туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Ургут туманида яшовчи шахс Нуробод туманида истиқомат қилувчи жиноий шериги билан тил бириктириб, Тожикистондан олиб келинган 2 кг 875 гр “опий” моддасини 40,5 минг АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ички ишлар органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган “Кобалт” русумли автомашина Жомбой тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Ургут туманида яшовчи 2 нафар шахснинг ёнида 1 кг 616 гр “опий” моддаси борлиги маълум бўлди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент-Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Наманган вилоятининг Поп туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилди. Тўхташ жараёнида автотранспорт воситасида йўловчи сифатида кетаётган, Бағдод туманида туғилган шахс автомашина ойнасидан бир дона пакетни улоқтириб юборади. Шундан сўнг, ушбу пакет холислар иштирокида текшириб кўрилганда, унда 1 кг 915 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркокурерлар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган ажал оғусини олиб кетаётган бўлган. У гиёҳвандлик воситасини 8 минг АҚШ долларига сотиб олган.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Фарғона туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 770 гр “гашиш” моддасини 7 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди. Терговга қадар текширув давомида, Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу наркотик модданинг ҳақиқий эгаси Фарғона туманида яшовчи фуқаро эканлиги аниқланиб, у ҳам ушланди.
Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
14:41 / 06.11.2024