Ўзбекистон | 15:57 / 21.02.2024
18745
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда иккита фирма уй қуриб бериш алдови билан фуқароларни қарийб 27 млрд сўмга чув туширди

Фирмалар эгаси гўёки 1,2 ва 2 сотихли турар жойлар қуриб сотишни айтиб, одамлардан бошланғич тўлов сифатида 125 млн сўмдан пул йиғиб олган. Сўнгра чет элда рўйхатдан ўтган валюта биржасида ўзи ва онаси номига ҳисобрақамлар очиб, 1,4 млн АҚШ долларини ўтказиб юборган.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Тошкент шаҳридаги иккита қурилиш ташкилоти уй-жой қуриб беришни ваъда қилиб, фуқароларнинг қарийб 27 миллиард сўм пул маблағларини ўзлаштирди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент январ ойида Arkenstone ва VescoCottage ширкатлари мансабдор шахсларини қўлга олди.

Департамент бошлиғи ўринбосари Жўрабек Болиевнинг айтишича, қурувчилар Олмазор, Юнусобод ва Яшнобод туманларида коттежлар қуриш тўғрисида интернетда эълонлар жойлаштирган. Мижозларга 125 миллион сўм (МБнинг 21 февралдаги курси бўйича 10 минг доллар) бошланғич тўловни тўлаб, коттежларни 20 йилга бўлиб-бўлиб тўлашга сотиб олишни таклиф қилган. 2022–2023 йилларда компаниялар фуқаролардан қарийб 27 миллиард сўм (2,164 миллион доллардан ортиқ) ўзлаштирган. Эътиборлиси, корхоналарда уй-жой қуриш учун ер участкалари бўлмаган.

Жўрабек Болиевга кўра, тадбиркор Фаррух Махаматов (2022 йилнинг 4 апрелида Arkenstone, 2023 йилнинг 15 майида VescoCottage компанияларини таъсис этган) ўзи ва онасига тегишли пластик карталар орқали пул конвертациясини амалга ошириб, 1,4 миллион долларни хориждаги биржага ўтказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168–моддаси (Фирибгарлик) ва 243–моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Терговга қадар ўтказилган текширув давомида департамент томонидан тадбиркорнинг ҳисоб рақамларидаги криптоактивлар кўринишидаги 222 минг доллар, шунингдек, онасининг электрон ҳамёнида бўлган 403 минг доллар (жами 625 минг доллар) Ўзбекистонга қайтарилган.

Бундан ташқари, 7,8 миллиард сўм (624,2 минг доллар), шунингдек, улар билан боғлиқ бўлган корхоналарнинг ҳисобварақларидаги 823 миллион сўм пул маблағларининг ҳаракати тўхтатиб қўйилган.

  • Очиқ манбаларга кўра, Arkenstone МЧЖ 2022 йил 4 апрел куни, VescoCottage МЧЖ эса 2023 йил 12 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳар икки МЧЖга Фаррух Махаматов раҳбарлик қилади.

Мавзуга оид