Бугун, 22 феврал куни 2024 йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнининг биринчи мавсуми учун таклифлар қолдириш якунланди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатда 1-мавсум таклифлар қолдириш босқичи якунлари ва кутилаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди.

Унинг айтишича, “Ташаббусли бюджет” учун 2023 йилда 4,5 трлн сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 2024 йилда жорий маблағлар 8 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда. “Ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Натижада ғолиб лойиҳалар сони ҳам аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада, 1,5-2 баробарга ошади, маҳаллаларда кўпроқ муаммоларни ҳал этиш имкони бўлади”, – дейди Ҳайдаров.

ИМВ масъулига кўра, 21 феврал ҳолатига 35 200 тадан ортиқ лойиҳа киритилган, суммаси эса 30 трлн сўмдан ошиб кетган. Вилоятлар кесимида энг кўп лойиҳалар Фарғона вилояти – 3 трлн 300 млрд сўмлик, Тошкент вилояти 3 трлн 150 млрдлик, Наманган вилояти 2,4 трлн сўмлик лойиҳалар киритилгани билан етакчилик қилмоқда.

Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, жамоатчиликнинг таклиф ва эътирозларини ҳисобга олган ҳолда жараёнга бир қанча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

“Бир фуқаро – бир овоз” тамойили

Жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнларида овоз бериш босқичи бир фуқаро – бир овоз тамойили асосида амалга оширилади. Эндиликда берилган овозлар эгасининг шахсига аниқлик киритиш ва бир фуқаро томонидан берилган овозни аниқлаш тизими жорий этилмоқда. Бу ўз навбатида бир нечта сим-картаси бўлган фуқаролар бир неча марта овоз беришига чек қўяди. Ғолибларни аниқлашда ҳам ҳаққонийликни таъминлашга хизмат қилади. Фуқаронинг бир нечта сим-картаси бўлса, фақат битта сим-картаси орқали берган овози қабул қилинади. Агар иккинчи сим-картаси орқали овоз берадиган бўлса, унда бизнинг тизимимизда сим-карта эгасини аниқлаш тизими орқали иккинчи сим-карта билан овоз бериш чекланади.

“Менинг йўлим” “Ташаббусли бюджет” билан бирга ўтказилади

Ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида “Менинг йўлим” лойиҳасини ҳар йили “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумига бирлаштирилган ҳолда ўтказилиши белгиланди. Эндиликда ҳар йили “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсуми ва “Менинг йўлим” лойиҳаси бир мавсум доирасида ўтказилади. “Менинг йўлим” лойиҳаси учун ажратилган маблағлар ҳам фуқаролар ташаббуси жамғармасига йўналтирилади ва жамланган маблағлар доирасида ғолиб лойиҳалар аниқланади.