Жаҳон | 11:00 / 23.02.2024
8840
3 дақиқада ўқилади

Кнессет Фаластин давлатини тан олишга қарши чиқди

Исроил парламенти ҳукуматнинг аввалроқ қабул қилинган «Фаластинликлар билан тинчлик диктати»ни рад этувчи декларациясини кўпчилик овоз билан қўллаб-қувватлади.

Фото: Picture Alliance

Исроил парламенти кўпчилик овоз билан мустақил Фаластин давлатининг «бир томонлама тан олиниши»га қарши овоз берди. 21 феврал куни Кнессетнинг 120 нафар аъзосидан 99 нафари аввалроқ бош вазир Бенямин Нетаняҳу тақдим этган ҳукумат баёнотини қўллаб-қувватлади.

Ушбу ҳужжатга кўра, Исроил «Фаластин давлатини бир томонлама тан олишга қарши чиқишда давом этади». Шундай қилиб, исроиллик парламентарийлар турли давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Яқин Шарқ можаросини Фаластин давлатини барпо этиш орқали ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни янгилаш тўғрисидаги тобора кучайиб бораётган чақириқларига жавоб қайтарди. Нетаняҳу халқаро ҳамжамиятга «кучли хабар» юборган Кнессетдаги «инқилобий овоз бериш» ҳақида гапирди. Бу исроилликларнинг «жамоавий қатъияти»ни таъкидлайди, деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Исроил ҳукумати декларацияси 

Аввалроқ Исроил ҳукумати бир овоздан декларацияни қабул қилиб, унда халқаро ҳамжамиятнинг Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал этиш ва Фаластин давлатини бир томонлама тан олиш талабларини рад этган эди. Ҳужжатда таъкидланишича, тинчлик ҳеч қандай шартларсиз икки томон ўртасидаги тўғридан тўғри музокаралар натижасидагина мумкин бўлади. «Фаластин давлатининг 7 октябрдаги воқеалардан кейин бир томонлама тан олиниши мисли кўрилмаган террор учун катта тўлов бўлади ва келажакда тинчлик ўрнатишнинг олдини олади», дейилади маълумотда.

Исроил 1967 йилда Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни босиб олди. Фаластинликлар бу ҳудудларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат тузишни талаб қилмоқда. 2012 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Фаластинга кузатувчи давлат мақомини берди. БМТга аъзо 193 давлатдан 139 таси Фаластин ҳудудларини мустақил давлат сифатида тан олган. Улар орасида АҚШ йўқ; у доимо Исроил билан тинчлик музокараларининг бир қисми сифатида Фаластин давлатини яратиш келишиб олиниши кераклигини таъкидлаб келган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид