Ўзбекистон | 08:01 / 24.02.2024
6831
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида трансчегаравий сувларни назорат қилиш учун гидропостлар очилди

Шимолий ва Катта Фарғона каналлари бўйлаб «Патар» ва «Сарвак» трансчегаравий гидропостлари ўрнатилди. Улар Ўзбекистон ва Тожикистонда суғориш учун сарфланадиган сув ҳажмини аниқроқ ўлчаш имконини беради. Лойиҳа Швейцария ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилди.

Фото: Kun.uz

23 феврал куни Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ҳамда Тожикистон энергетика ва сув хўжалиги вазири томонидан трансчегаравий Катта Фарғона канали ва Шимолий Фарғона канали бўйлаб иккита гидропост очилди, деб хабар берди Gazeta.uz.

Гидропостларнинг очилиши Швейцария ҳукуматининг Blue Peace Central Asia ташаббуси туфайли амалга оширилган. Ушбу ташаббус 2017 йилда минтақа сув ресурсларини бошқаришда трансчегаравий ёндашув зарурлигига жавобан бошланган.

Гидропостларнинг очилиши Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш бўйича Ўзбекистон-Тожикистон ишчи гуруҳининг олтинчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди, унда икки давлат ўртасида ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ва реал вақт режимида иккита станциядан олинган харажат маълумотларини Тожикистон ва Ўзбекистонга узатиш бўйича ҳам баённома имзоланди.

«Патар» ва «Сарвак» гидропостларида сув истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида ҳисобга олиш ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистонга етказишни автоматлаштириш трансчегаравий каналларда сув ресурсларини янада самарали бошқаришни таъминлайди, тезкор ва ишончли маълумот олишни таъминлаш орқали томонлар ўртасидаги ишончни оширади», - деди Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума.

Мавзуга оид