Иқтисодиёт | 12:27 / 26.02.2024
16401
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Ўзбекистондан қуруқ мевалар ва каврак табиий елими импортини оширади

Деҳли шаҳрида Ўзбекистондан Ҳиндистонга экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажмини изчил кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг етакчи Pioneers компаниялар гуруҳи раиси Сушил Кумар Жаин билан учрашув ўтказди.

"Дунё" хабарига кўра, мазкур гуруҳ таркибига кирувчи компаниялар автомобил эҳтиёт қисмлари, фармацевтика маҳсулотлари, қуёш панеллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган, кенг миқдорда импорт ва экспорт амалиёти билан шуғулланади. Шунингдек, Haldiram’s бренди остида ширинликлар, қуруқ мевалар ва дуккаклилар савдоси билан шуғулланувчи шохобчалар тармоғига эга.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда етиштирилган қуруқ мевалар, дуккаклилар, каврак табиий елимини Ҳиндистон бозорига қилинаётган импорт ҳажмини ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сушил Кумар Жаин Ўзбекистондан олиб келинаётган маҳсулотлар юқори сифати ва рақобатбардошлиги билан ажралиб туришини таъкидлаб, бу йўналишдаги алоқаларни янада фаоллаштириш учун барча асос ва имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

Ethnic Food Products Solution Ltd. компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Уган Жҳа билан музокаралар доирасида ҳам Ўзбекистонда етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларини ҳинд истеъмолчиларга етказиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Уган Жҳа мамлакат билан муносабатларни фаоллаштиришдан манфаатдорлик билдириб, ўзбек маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва илгари суриш бўйича амалий таклифларини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид