Суҳбатдошлар айтган нархлар турлича. Айрим ота-оналар барча зарур харидлар учун 800 минг сўм атрофида сарфлаган бўлса, бошқаларда бу сумма 1,5–2 млн сўмгача етмоқда.
“Формам 600 минг сўмга тушди. Рубашкам 110 минг, юбкам 200 минг, сумкам 130 минг, оёқ кийимим 300 минг сўм бўлди. Ўқув қуролларнинг ўзи иккита болага 400 минг сўм бўлди”, – дейди респондент.
Айрим ота-оналар эса харажатни камайтириш учун кийимларни ўзлари тиктиришини ёки аввалги йилдан қолган кийимлардан фойдаланишини билдирди.
Бир нечта фарзанди бор оилаларда эса харажат миқдори сезиларли даражада юқори. Сўровномада уч нафар фарзанди учун кийим-кечакка 3 млн сўмдан, канцтоварларга эса 2,5 млн сўмдан ортиқ сарфлаётган ота-она ҳам учради.
“Иккита шим 600–700 минг сўм бўлди, иккита оқ кўйлак яна 700 минг сўм. Иккита кроссовка 500 минг сўм бўлди. Қолган канцтоварлар билан 2–2,5 миллион сўм кетди”, – дейди суҳбатдош.
Умуман, сўровнома давомида бир нафар бола учун мактабга тайёргарлик харажатлари 600 минг сўмдан бошланиб, 2 млн сўм ва ундан ҳам юқорига чиқаётгани маълум бўлди.









