Жаҳон | 08:39 / 26.02.2024
10127
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Уруш пайтида 31 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлди

Украина президенти илк бор урушда ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар сонини айтди. Бу кўрсаткич ОАВ ва Ғарб манбалари томонидан илгари сурилган тахминлардан паст.

Фото: Getty images

Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошидан бери 31 минг украиналик аскар ҳалок бўлди, деди Украина президенти Володимир Зеленский 25 феврал, якшанба куни бўлиб ўтган катта матбуот анжуманида.

«Ушбу урушда 31 минг украиналик аскарлар ҳалок бўлди. Путин ва унинг атрофидагилар айтганидек 300 минг ёки 150 минг эмас. Лекин буларнинг ҳар бири биз учун катта йўқотиш», - деди Зеленский.

Президент ярадор украиналик аскарларнинг сонини айта олмаслигини, чунки Россия қанча одам «жанг майдонини тарк этганини» билиб қолиши мумкинлиги қўшимча қилди. У, шунингдек, бедарак йўқолган ҳарбийлар сонини ҳам айтмади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, уруш пайтида 180 минг рус аскари ҳалок бўлган. Жами ярадорларни ҳисобга олган ҳолда бу рақам 500 минг кишини ташкил этади, деди у.

Украина расмийлари ҳарбий сир эканини айтиб, уруш бошланганидан бери қурбонлар сонини ошкор қилмаган. Россия ҳам қурбонлар сони ҳақида хабар бермаяпти.

Украина ва Россиядаги йўқотишлар бўйича учинчи томон ҳисоб-китоблари

Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери қанча ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани маълум эмас. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Уилям Бернс 30 январ куни ўзининг Foreign Affairs учун рукнида Россия армияси умумий йўқотишларини 315 минг кишига баҳолади. Бу рақамга яраланган аскарлар ҳам киради. Economist журнали Америка расмийларининг ҳисоб-китобларига таяниб, уруш пайтида камида 70 минг украиналик аскар ҳалок бўлган ва 120 мингга яқини яраланганини ёзган.

Ўтган йил август ойида The New York Times газетаси АҚШ маъмурияти Россия томонидаги йўқотишларни 120 минг ўлик ва яна 170-180 минг яраланган ҳарбий деб ҳисоблаётганини ёзганди, Америка разведкаси Украина йўқотишларини эса 70 минг ўлик ва 120 минг яраланган аскар атрофида баҳолаган.

Мавзуга оид