Фаластиндаги вазият

27 октябрдан Ғазо секторига ерусти операциясини бошлаган Исроил қуролли кучлари ўзидан кейин вайроналар ва култепалар қолдирганча Хон-Юнус туманининг айрим қисмларини тарк этган. Тумандаги йўллар булдозерлар ва авиазарбалар билан вайрон қилинган. Маан ва Бани Суҳайла шаҳарлари Исроил армияси томонидан вайронага айлантирилган.

Исроил томонидан Фаластин ҳудудларининг оккупация қилиниши халқаро одил судловни ҳақоратлаш, деган Араб давлатлари лигаси ўз баёнотида.

Ҳаагадаги БМТ Халқаро судида Исроилнинг оккупация остидаги Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатларига бағишланган эшиттирувлар чоғида Исроил томонидан Фаластин ҳудудларининг узоқ муддатдан буён оккупация қилиниши халқаро одил судловни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмаслиги таъкидланган.

Худди шу судда Африка Иттифоқи Халқаро ҳамжамият «Фаластин халқини лақиллатиб келгани»ни таъкидлаган.

Ғазоликлар очликдан ўсимликлар билан таомланишга мажбур бўлаётган бир пайтда Фаластин чегараларидан нарида юзлаб юк машиналари озиқ-овқатлар ортилган ҳолда навбатини кутиб турибди. Исроил уларнинг Ғазо ҳудудига киритилишига рухсат бермаяпти.

Ҳаттоки Ғазога инсонпарварлик ёрдам жўнатган Иордания уларни ҳаво шарларига боғлаб учиришга мажбур бўлган. Бироқ озиқ-овқатларнинг жуда катта қисми мўлжалдан адашиб, очиқ денгиз узра учиб кетган. 

Фаластинда ҳукумат алмашмоқда

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бош вазир Муҳаммад Штайя бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога чиқарди. Дубайнинг Asharq News нашри маълумотларига кўра, Фаластин маъмуриятининг янги ҳукумати шу ҳафтанинг сўнгига қадар шакллантирилиши мумкин.

Бош вазир Муҳаммад Штайя бошчилигидаги вазирлар маҳкамаси янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар ҳукумат тепасида қолади. Янги технократик ҳукуматни айни пайтда ҳукумат инвестиция фонди раҳбари бўлиб ишлаётган Муҳаммад Мустафо бошқариши мумкинлиги айтилмоқда.

У янги ҳукумат тузиши, Ғазони Жаҳон банки назорати остидаги мустақил орган ёрдамида қайта тиклаш режасини ишлаб чиқиши керак бўлади. Муҳаммад Мустафо, шунингдек, Фаластин маъмуриятининг молиявий, ҳуқуқий ва маъмурий ислоҳотларига ҳам бош-қош бўлади. 

Қизил денгиздаги вазият