Фаластиндаги вазият

Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилиш фалокат билан тугаши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг болалар фонди UNICEF ижрочи директори Кэтрин Рассел таъкидлаб ўтган.

Халқаро ҳамжамият эътирозларига қарамасдан Исроил расмий шахсларидан Рафаҳга ер устидан ҳужум қилиш тўғрисидаги режалар ҳақидаги баёнотлар янграб турибди.

Расселнинг қайд этишича, 300 минг аҳоли яшайдиган Рафаҳ шаҳрида айни пайтда Исроил зарбаларидан қочган қочқинлар билан бирга 1,5 миллиондан ортиқ одам яшамоқда.

Унинг қайд этишича, шу пайтгача Ғазода ўлдирилган 30 минг тинч аҳоли вакилларидан 70 фоизини болалар ва аёллар ташкил этади. Расселнинг огоҳлантиришича, Исроилнинг Рафаҳга эҳтимолли ҳужуми тинч аҳоли вакиллари ўртасида қурбонлар ва ярадорлар сонини кескин оширади.

7 октябрдан буён Исроил Ғазодаги ҳар бир квадрат километр майдонга ўртача 192 тоннадан бомба ёғдирган. Агар бомбардимон қилиш ишлари ҳозир тўхтатилган тақдирда ҳам, Ғазо секторини тиклаш учун асримиз охиригача вақт кетади.

Қатар Ташқи ишлар вазирлиги 27 феврал куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда ҳозирча ҳеч қандай силжиш йўқлигини маълум қилди.

Миср ва АҚШ билан биргаликда воситачи сифатида ишлаётган Қатар ТИВ баёнотида айтилишича, айни дамда «сулҳ бўйича музокараларда ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувда муваффақият йўқ».

Бир кун аввал АҚШ президенти Жо Байден Ғазо сектори бўйича келишувга келаси душанба куни, яъни 4 мартгача эришилишига умид билдирган эди.

Бироқ эртаси куни ҲАМАС вакили Байденнинг умидлари «ҳарбий вазият»га тўғри келмаслигини ва ҳал қилиниши керак бўлган катта бўшлиқлар мавжудлигини таъкидлаган.

БМТ эса Ғазо сектори кучли озиқ-овқат етишмовчилигига дучор бўлганини маълум қилди. Ғазонинг қарийб барча аҳолиси озиқ-овқат ёрдамига муҳтож, эксклав аҳолисининг тўртдан бир қисми очарчилик ёқасига келиб қолган. 

Украина фронти

Исроил Украинага ракета зарбаларидан огоҳлантирувчи тизимни топширишга тайёргарлик кўрмоқда. Бундай тизим ракета учирилганини эрта аниқлаб беради ҳамда ракеталар ва дронлар ҳужумидан яхшироқ ҳимояланишни таъминлайди.