Европа Иттифоқи блокнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайдиган ва иттифоқчилар кўмагига камроқ боғлиқ қиладиган қадамларга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 28 феврал, чоршанба куни Страсбургда Европарламентнинг Европа хавфсизлиги ва мудофаа масалалари бўйича муҳокамаси чоғида айтилди. Европарламент депутатларининг аксариятига кўра, Украинага Россия билан урушда ғалаба қозониши учун ҳарбий ёрдам кўрсатиш ЕИ мудофаа стратегияси мажбурий бандига айланиши керак.
«Европа Иттифоқи ўз хавфсизлиги учун масъулиятни зиммасига олиши керак. Ҳамкорларимиз қўллаб-қувватласа ҳам, қўллаб-қувватламаса ҳам, Россиянинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслигимиз керак. Чунки Россиянинг ғалабаси нархи биз бугун қутқара оладиганидан анча юқори бўлади», - деди мунозарада иштирок этган Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.
Фон дер Ляйен Европа стратегияси ҳақида эълон қилди
Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан икки йил ўтиб, тинчлик абадий давом этиши ҳамда Европа ўз хавфсизлиги учун етарлича ҳаракат қилаётгани ҳақидаги Европа иллюзиялари изсиз йўқолди. Фон дер Ляйеннинг фикрича, Европа хавфсизлиги учун хавфлар нафақат Кремл ҳаракатлари, балки Ғазо секторидаги уруш, авторитаризм кучайиши ва дунёда агрессив иқтисодий рақобат ҳамдир. «Европа дарҳол уйғониши керак», деди Еврокомиссия раиси олқишлар остида.
Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Европа Иттифоқи Европа бирлиги ва ҳамжиҳатлиги глобал хавфсизлик муаммоларига жавоб беришга қодирлигини исботловчи қарорлар қабул қила олди, деди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, уруш бошланганидан бери Европа тинчлик жамғармаси доирасида Европа Иттифоқи «Украина учун ҳалокатли бўлмаган асбоб-ускуналар сотиб олишга 6,1 миллиард еврони сафарбар қилган». Шу билан бирга, Урсула фон дер Ляйен бу қадамлар етарли эмаслигига амин. Шу сабабли, Европа комиссияси яқин ҳафталарда биргаликда мудофаа харидлари, қурол-яроғ ишлаб чиқариш суръатларини тезлаштириш, умумий Европа манфаатларига мос мудофаа лойиҳаларини аниқлаш ва замонавий хавфсизлик технологияларини жорий этишга асосланган Европа мудофаа саноати стратегиясини тақдим этади.
Киевда Мудофаа инновациялари идораси очилади
Охирги бандни амалга ошириш давомида Киевда Мудофаа инновациялари идораси очилади, деди Еврокомиссия раиси. «Бу Украинани Европага янада яқинлаштиради ва аъзо мамлакатларга украиналикларнинг жанг майдонидаги ҳамда мудофаа саноатидаги инновациялар бўйича тажрибасидан фойдаланиш имконини беради», деди у. Урсула фон дер Ляйен томонидан эълон қилинган яна бир янгилик залда ҳаяжонга сабаб бўлди. У янги Еврокомиссия таркибида мудофаа бўйича Европа комиссари лавозимини яратиш тарафдори бўлишини айтди.












