Жаҳон | 18:42 / 01.03.2024
10450
2 дақиқада ўқилади

Алексей Навалний Москвада дафн этилди 

Унинг маъракаси қисқа бўлди, дафн маросимига фақат яқинлари ва қариндошлари киритилди.  

Фото: AP

1 март куни Москвадаги «Борисовский» қабристонида россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг дафн маросими бўлиб ўтди. 

Дафн маросимидан олдин шаҳарнинг Марйино районидаги черковда унинг маъракаси ўтказилди. Маърака қисқа бўлди, атиги 20 дақиқа давом этди. Навалний билан фақат яқинлари ва қариндошлари хайрлашиш имконига эга бўлишди. У билан хайрлашиш учун келган минглаб одамлар черковга киритилмади. Шундан сўнг, унинг тобути қабристонга олиб кетилди. Йиғилган одамлар унинг тобутига гулларни отишди. 

Қабристондаги дафн маросимига ҳам фақат унинг яқинлари ва қариндошлари киритилди. Полиция минглаб одамларга дафн маросимида иштирок этишга имкон бермади. 

Унинг тобути кўмилаётганда америкалик хонанда Фрэнк Синатранинг «My Way» қўшиғи, шунингдек, «Терминатор-2» филмининг якунидаги мусиқа янгради. Таъкидланишича, бу марҳумнинг севимли филми бўлган. 

16 феврал куни Россиянинг Ямало-Ненец автоном округи Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) Навалнийнинг колонияда ўлганини маълум қилди. Департаментга кўра, «Навалний сайр пайтида ўзини ёмон ҳис қилган, деярли дарҳол ҳушини йўқотган». 

ФЖИЭХ хизмати хабарида айтилишича, «қамоқхона тиббиёт ходимлари воқеа жойига зудлик билан етиб келган ва тез ёрдам бригадаси чақирилган». «Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бермаган. Шошилинч тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлашган». Бироқ, унинг жасади фақат 24 феврал куни яқинларига топширилди. 

Навалний суд қарорига кўра, экстремистик гуруҳ яратиш жиноий иши бўйича 19 йиллик қамоқ жазосини Ямало-Ненец автоном округининг Харп қишлоғидаги ИК-3 қамоқхонасида ўтаётган эди. Бунгача у бир қатор бошқа жиноятлар, жумладан, фирибгарлик учун ҳам судланган. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид