Фаластиндаги вазият

АҚШдан Исроилга сўнгги муддат берилмоқда. Axios USA янгиликлар сайтининг хабарига кўра, расмий Вашингтон Исроил ҳукуматига март ойининг сўнгига қадар АҚШ қуролларидан фойдаланишда халқаро қонунларга риоя этишга мажбурловчи ҳужжатни имзолаш учун муддат берган.

Шу ҳужжатнинг ўзида Исроил ҳукмуатига Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамларини тўсиқсиз киритиш ҳақида сўров ҳам бор. Исроил ўз мажбуриятларини бажармаса, оккупация остидаги ҳудудларда ишлатиш учун қурол-яроғлар жўнатиш «вақтинча» тўхтатиб турилади.

БМТ Ғазода қўлдан ясалган ҳалокат давом этаётгани ҳақида бонг урмоқда. 23 январдан буён Ғазонинг шимолий қисмига БМТ озиқ-овқат етказа олмаяпти, деган БМТнинг фаластинлик қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари Филипп Лаззарини.

«Бу қўлдан ясалган ҳалокат», — деб ёзган Лаззарини X ижтимоий тармоғида ва қамал қилинган эксклавга кўпроқ озиқ-овқат олиб киришга рухсат этилса тобора таҳдид солаётган очарчиликнинг олди олиниши мумкинлигини қўшимча қилган.

БМТ Халқаро судининг январ ойида чиқарилган, тел-Авивга Фаластин эксклавининг тинч ахолисини геноцид қилишни бас қилиш ва уларга инсонпарварлик ёрдами етказилишини таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги оралиқ қарорига қарамасдан, агентликнинг озиқ-овқат ёрдами етказиш тўғрисидаги чақириқлари «эътиборсиз қолган».

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазога шиддатли бостириб кириши ҳудуддаги 85 фоиз тинч аҳолининг ўз турар жойларини ташлаб чиқишига, тотал қамал эса озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармон етишмовчилигига олиб келган. 

Украинага ёрдам

Пентагон Украинага ажратилган сўнгги 4 млрд долларни ўз арсеналидаги қурол-яроғ ва ўқ-дориларни тўғридан тўғри Украинага етказиб бериш учун фойдаланиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради CNN телеканали.

Телеканал ҳамсуҳбатига кўра, бу борада ҳозирча якуний тўхтамга келинмаган. Америкалик юқори мартабали мулозимлар ушбу сумманинг ҳеч бўлмаса бир қисмидан шу йўлда фойдаланишни муҳокама қилишмоқда.

Белгия Украина учун ўқ-дорилар харид қилиш бўйича Чехия ташаббусига 200 млн евро ажратадиган бўлди. Бу ҳақда Белгия бош вазири Александер де Кроо айтиб ўтган.

«Биз ҳеч қачон Украина ҳар куни бераётган қурбонларга тенглаша олмаймиз», — деган дк Кроо.