Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари ўтказиш қобилияти оширилади
Назорат-ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги ўтказувчанликни уч баробарга оширади.
Қозоғистон ва Ўзбекистон божхона ва чегара хизмати вакилларидан тузилган махсус ишчи гуруҳ «Жибек жўли–Ғишткўприк» ва «Қоплонбек–Навоий» божхона постларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари билан танишди. Бу ҳақда Kazinform хабар берди.
«Ҳозир реконструкция ишлари олиб борилаётган «Қоплонбек-Навоий» назорат-ўтказиш пункти 2024 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ўзбекистон июнда, Қозоғистон эса августда тугатиши керак. Бу пунктлар ишга туширилса, бу ердан ўтадиган юк ташиш ҳажми 3 баробар ортади», деди Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини оптималлаштириш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Алламжонов.
Унинг қўшимча қилишича, «Қоплонбек» назорат-ўтказиш пункти асосан юк ташиш учун мўлжалланган, бироқ жисмоний шахслар ҳам қабул қилинади. Бундан ташқари, Ўзбекистон томони жорий йилда Қозоғистоннинг «Жибек жўли» пости билан бирлаштирилган «Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пунктида таъмирлаш ишларини якунлаш ниятида.
«Ғишткўприк» назорат-ўтказиш пункти реконструкцияси 2023 йил ёзида бошланган эди. Уни жорий йилнинг август ойида якунлаш режалаштирилган. Ушбу божхона пости кунига 30 минггача йўловчи ва 1 мингтагача автомобилни қабул қилиш имкониятига эга. Модернизация натижасида у кунига 50 минг киши ва 3 мингга яқин автомашинани қабул қилади», деди Фарҳод Алламжонов.
«Ғишткўприк» пунктининг модернизация қилиниши 12 та енгил автомобил ва 9 та автобусни бир вақтнинг ўзида божхона кўригидан ўтказиш имконини беради.
Қозоғистон томони, «Жибек жўли» назорат-ўтказиш пунктини реконструкция қилишни 2025 йилга мўлжаллаган.
«2023 йилда «Жибек жўли» назорат-ўтказиш пункти орқали 9 миллионга яқин йўловчи ўтди. Бу одамларнинг асосий оқими ўтадиган назорат пункти. Режага кўра, у 2025 йилда таъмирланади. Қайта қуришдан сўнг унинг қуввати кунига 35 минг кишигача кўтарилади», деди Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси раиси ўринбосари Бақитжан Слямов.
Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон томони ҳозир «Қазиғурт», «Атамекен», «Қоплонбек» божхона постларини таъмирламоқда. Ҳар учала назорат-ўтказиш пункти ҳам жорий йилда қайтадан ишга туширилади.