29 феврал куни тармоқларда Хоразмдаги мактаблардан бирининг мактаб ўқитувчиси бошланғич синфда ўқийдиган ўғил ва қиз болаларни дўппослагани акс этган видео тарқалди. Унда дарс ўтиб турган ходим дастлаб боланинг бошига қўли ва дафтари билан тарсакилар солган.
Кейин эса ёнида турган қизалоқдан савол сўраб, дафтарни кўрсатган ва силтаб, юзига уриб ташлаган. Шу зайлда 50 сония давомида қизалоққа бақириб, уни калтаклаган. Ўқитувчи 30 сония дарс ўтиб тин олгач, кейин қизчани яна силтай бошлаган.
Ҳолат юзасидан Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси муносабат билдирди. Унга кўра, бу вазият Хонқа туманидаги 36-мактабда юзага келган.
“Видеолавҳада акс этган ҳолат юзасидан ваколатли ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижалари юзасидан батафсил маълумот берилишини маълум қиламиз”, – дейилади расмий хабарда.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов эса бу мактабда содир бўлган ҳодиса юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, текширув доирасида ўқувчиларда тан жароҳатларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган. Текширув ҳаракатлари Хоразм вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.











