АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник автомобил ҳайдовчилари ва йўловчиларини хавфсизлик камарини тақишни унутмасликка чақирди.
“Одамлар автоуловга ўтирганда эринмасдан хавфсизлик камарини тақиб олишганда, эҳтимол уларнинг аксарияти омон қолган бўларди!” - деб ёзади элчи X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Унга кўра, болалик пайтида камдан-кам америкаликлар хавфсизлик камаридан фойдаланган. Ҳозирда америкаликларнинг 90 фоиздан ортиғи хавфсизлик камарларидан фойдаланади.
Ҳисоб-китобларга кўра, хавфсизлик камарларидан фойдаланиш натижасида 375 000 дан зиёд одамнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шунчаки хавфсизлик камарини тақиш бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлиш ёки жароҳат олиш эҳтимолини 40-50 фоизга камайтиради.
Ўзбекистонда 2023 йилда 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.















