2023 йил 7 октябрдан буён Исроилнинг ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога қилаётган ҳужумлари натижасида тахминан 27 минг нафар бегуноҳ инсон ўлдирилди. Исроил томонидан ўлдирилган тинч аҳолининг аксарияти – болалар, аёллар ва қариялардир.

Исроилнинг Ғазодаги бу ҳаракатларидан норози бўлиб, БМТнинг Халқаро судига Жанубий Африка Республикаси мурожаат қилди. ЖАР Исроилни камида олтита банд бўйича геноцидда айблади. Бу – геноцидни амалга ошириш, геноцидни амалга ошириш ниятида яширин режа тузиш, геноцидни амалга ошириш мақсадида тўғридан тўғри ва оммавий гижгижлаш, геноцидни амалга оширишга уриниш, геноцидни амалга ошириш йўлида ҳамкорлик, геноциднинг олдини олмаслик ёки бунга интилмаслик.

Хўш, нега келиб-келиб Исроилни ЖАР судга берди? Ахир, ЖАР – мусулмон давлати эмас, ёки Исроилнинг тарихий душмани ҳам эмас... Бунинг асосий сабаби – ЖАРда шаклланган тарихий хотира, сиёсий тафаккур ҳисобланади. ЖАР ҳам яқин-яқингача, худди фаластинликлар каби, ҳақсиз, ҳуқуқсиз эди.

ЖАР – апартеидни бошидан ўтказган кам сонли давлатлардан бири. Африканинг кўплаб давлатлари мустамлака қилинди, узоқ муддат ғарб давлатларининг калониялари бўлишди. Лекин айнан ЖАР Африканинг бошқа давлатларидан узоқроқ мустамлака бўлди. Бунинг сабаби – ЖАР ниҳоятда бой давлат ҳисобланади.

Иккинчи жаҳон уруши тугугач, ғарбий Европа давлатлари ўз мустамлакаларини қўйиб юборишга мажбур бўлишади. Шунинг учун 1948 йилда ЖАР ҳокимиятига келган оқ танлилар ўз ҳокимиятини ушлаб қолиш мақсадида апартеид тизимини жорий қилишади.

Апартеид – “ажратилган ҳолда яшаш” деган маънони билдиради. Апартеид қоидаларига кўра, кам сонли оқ танлилар мутлақ кўпчилик ҳисобланмиш қора танлилар устидан полицияча назорат ўрнатади. ЖАРнинг 87 фоиз ерлари оқлар назоратида, фақат 13 фоиз ҳудудлар қора танлилар назоратида бўлади. Қора танлилар яшайдиган ҳудудлар “Бандустан” деб аталган ва қора танлиларга у ерлардан чиқиш тақиқланган.

Бутун бир мамлакат одамларнинг рангига қараб иккига бўлинган эди: шаҳарлар, кварталлар, йўллар, ҳаттоки зинопоялар ва ҳожатхоналар ҳам. Оқ танлилар яшайдиган ҳудудларга қора танлиларнинг кириши мумкин бўлмаган. Қора танли полициячилар оқ танли одамларни тўхтатишга ҳаққи бўлмаган. Оқ танлилар мактабларига нисбатан қора танлиларнинг мактаблари ўнлаб баравар кам молиялаштирилган. Қора танлилар фақат хизматкорлик ва деҳқончилик соҳаларида ўқиган.

Апартеизмга кўра, расизм, ирқий ажратиш ва камситиш – давлат қонунлари билан белгиланган эди. Бу ердаги сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи фақат оқларга берилган эди. Шунинг учун ҳам қора танлилар давлат бошқарувига, ўзларининг таҳқирли қул ҳолатига сиёсий инструментлар орқали таъсир қила олмасди.