Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроилнинг 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этиб келаётган агрессияси қурбонлари сони 30 мингдан ошди ва 30 минг 228 кишига етди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, қамал қилинган эксклавдаги урушнинг 147-кунига келиб 71 минг 377 киши турли даражада ярадор қилинган.
Сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари 16 марта оммавий қирғин ўтказган, унда 193 киши ҳалок бўлган, 920 киши жароҳатланган.
Ғазо шаҳри жанубидаги Наблуси чорраҳасида рўй берган фожиа қурбонлари сони 112 кишига етган.
АҚШдаги Исроил элчихонаси олдида ўзига ўт қўйган ҳарбий АҚШнинг давлат сирларига рухсати бўлган.
New York Post газетаси Ғазо секторидаги геноцидга ҳамда АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаётганига исён сифатида ўзига ўт қўйган ҳарбий Аарон Бушнелл ҳақида янги маълумотлар тарқатди.
Маълумотларга кўра, 25 ёшли учувчи ҳарбий разведканинг мутлақо махфий маълумотлари билан танишишга рухсати бўлган. Бушнеллнинг дўсти томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, у Исроил томонидан Ғазода қўлланаётган геноцидда АҚШнинг роли тафсилотлари билан танишиб чиққач, чидай олмаган.
Россиянинг Украинага шартлари
2022 йилнинг баҳорида Россия ва Украина ўртасидаги сулҳ музокаралари чоғида Россия томони Украина олдига қўйган шартлари тафсилотлари Wall Street Journal нашри томонидан ошкор қилинди.
Нашр 2022 йилнинг 15 апрел санаси билан имзоланган 17 бетли ҳужжат билан танишиб чиққан.
Уруш бошланганидан кўп ўтмай Москва ва Киев томонидан музокара жараёнида муҳокама қилинган бу янги сулҳ шартномасида Россия Украинадан янги агрессиядан мутлақо ҳимояланмаган давлатга айланишни талаб қилган. Гарчи Украинага Европа Иттифоқи аъзосига айланиш учун монелик қилинмаган бўлса-да, бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш тақиқланган. Украина қуролли кучлари сони 85 минг киши, 342 та танк ва 519 артиллерия қуроллари билан чекланиш сўралган. Киев қуролли кучлари сони 250 минг, 800 танк ва 1900 та артиллерияга кўндирмоқчи бўлган. Шунда ҳам Украина фақат ўз ресурсларидан фойдаланишга мажбур қилинган.















