Бу тартиб президент фармони билан тасдиқланган 2024 йилги давлат дастурида акс этган.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади.

Келинг, аввал қандай тоифадаги автотранспорт воситаларига чекловлар киритилаётганини аниқлаштириб олайлик.

Фото: perevozka24.ru

N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, тўлиқ вазни 3,5 тоннадан ошиқ, бироқ 12 тоннадан зиёд бўлмаган транспорт воситалари. Буларга “Газел”, “Isuzu” каби кичикроқ юк ташувчи автомобиллар киради

Фото: perevozka24.ru

N3 тоифаси — тўлиқ вазни 12 тоннадан зиёд бўлган юк ташишга мўлжалланган автомобиллар. Булар сирасига қурилиш материаллари ташувчи оғир самолсваллар, “Камаз”, “MAN” каби тиркамасиз йирик юк ташувчи транспорт воситалари киради.

Фото: perevozka24.ru

O4 тоифаси — умумий массаси 10 тоннадан ортиқ бўлган тиркамалар. Булар энди шаланда, фура, контейнер ташувчи каби узун тиркамали юк автомобилларидир.

Фармонга кўра, чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди.

Фармон ижросини бажариш юзасидан Тошкент шаҳрига кираверишдаги ЙПХ стационар постларида 1 мартдан тиғиз вақт оралиғида (соат 7:00 дан 10:00 гача) юк машиналарининг ҳаракатини Тошкент ҳалқа автомобил йўли орқали ташкил этиш бошлангани, ҳайдовчиларга бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётгани тўғрисида лавҳа ҳам эълон қилинди.