1 март куни Тошкент кимё халқаро университетининг Либослар дизайни таълим йўналиши талабалари иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтди. Ушбу йўналишнинг 2-3-босқич талабалари тадбирда нафақат ўз ишланмаларини намойиш этишди, балки халқаро мода ҳафталикларида қатнашиш имкониятларини ҳам қўлга киритишди.
Ушбу мода намойиши (дефиле) – махсус модификациядан ўтган автомобиллар пойгасига рамзий қиёслаш маъносида “Fashion Rally” номи остида ўтказилади. Автомобил пойгалари мавзуси гавжум шаҳар, машиналар шовқини ва вақтнинг ўтиши образида қўлланган. Таниқли HONDA компаниясининг “Аввал инсон, кейин машина” шиорига қиёсан мода ва либос дизайнида – “Аввал инсон, кейин либос” қабилида қўллаш мумкин. Талабаларнинг модалар намойиши айнан ижодий ёндашув, фантазия парвози узлуксиз меҳнат билан бойитилса, креатив фикрловчи, ўз ишининг етук мутахассисини шакллантириш мумкинлиги фалсафасига қурилган.
Либослар дизайни таълим йўналиши раҳбари Мирсобит Одилов талабалар учун имкониятлар ҳақида гапириб ўтди:
«Бугунги тадбиримиз “Fashion Rally” деб номланади. 2-3-курс талабаларимизнинг ҳисобот тадбири бўлиб, улар ўзлари яратган либосларни намойиш этишади. Иқтидорли талабаларимизни аниқлаб, ёзда Руминияда бўлиб ўтадиган модалар намойишига йўлланма берилади.

Бизнинг йўналишимизда талабанинг эркин ижод қилишига жуда катта урғу берилган. Италия билан ҳамкорликда қўшма дастурлар асосида таълим берилади. Худди шундай ўз кўзгазмаларини яратган талабалар хорижда ўтказиладиган мода намойишларида қатнашиш имкониятига эга бўлишади».
Кимё халқаро университети Либослар дизайни йўналишида таълим жараёни одатий форматдаги стил ва либослардан фарқли образлар яратишга қаратилган. Йўналиш талабалари таълим олиш даврида керакли кўникмаларни, шунингдек, жаҳон модасининг тенденциялари борасида ўз ижодий фикрларини эркин ифода эта олади. Таълим йўналишида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва таҳсил олаётган талабаларнинг бош ғояси – ўз индивидуаллиги ва ижодий имкониятларини эркин ифода этишдир. “Fashion Rally” – мода намойиши 2023-2024 ўқув йили давомида талабалар устозлари ҳамкорлиги ва кўрсатмалари остида яратган ижодий ғояларининг навбатдаги ҳисоботидир.
















