Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатни танқид қилиб, кемада тижорий юклар бўлганини маълум қилди. Покистон томонига кўра, кемада тижорий компанияга тегишли автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга мослашган чилангарлик дастгоҳлари бўлган. Покистон Ҳиндистонни «тижорий юкларни тортиб олиш»да айблаган.

«Покистон Ҳиндистоннинг тижорий юкларни мусодара қилиш каби ҳаракатини қоралайди. Бу эркин савдо қонунларига зид бўлиб, шубҳали репутациясига қарамай ўзини халқаро полициядек тутаётган давлат билан боғлиқ хатарларни тасдиқлайди. Бу баъзи давлатлар халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилмаганига қарамай жазосиз қолаётганининг ҳам оқибатидир», дейилади Покистон томони баёнотида.

Шимолий Кореядагига ўхшаш ҳолат

Ҳиндистон махсус кучлари томонидан тўхтатилган кемада ўз вақтида Шимолий Корея ядро дастурида ҳам ишлатилгани айтиладиган дастгоҳ ҳам топилган. Шунингдек, кемада Италия компанияси ишлаб чиқарган дастурий бошқарув машинаси ҳам бўлган. Бу машиналар қўлда қилиш имконсиз бўлган даражада аниқ эффектларни бажариб беради. Шу сабабли бундай қиммат машиналар одатда ракеталарда ишлатилади.

Бундай турдаги машиналар 1996 йилда имзоланган Вассенаар келишувига кўра қурол ишлаб чиқаришда қўллаш мумкин бўлган қўш фойдаланувдаги товарлар қаторига киритилган бўлиб, халқаро қуролланишга қарши келишувга бўйича тақиқланган. Бундай турдаги маҳсулотлар халқаро назоратни талаб қилади. Ҳиндистон Вассенаар келишувини имзолаган 42 давлатдан биридир.

Покистон томони Карачи портига кетаётган кемада тижорий юклар бўлган деган версияни такрорламоқда. «Бу тижорий импортнинг оддий кўриниши. Бу товарлар Карачидаги Покистон автомобилсозлиги учун деталлар етказиб берадиган компания томонидан буюртма қилинган. Дастгоҳларнинг техник имконияти улар фақат тижорий мақсадларга мўлжалланганини тасдиқлайди. Олди-сотди очиқ банк каналлари орқали керакли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда амалга оширилган», дейилади Покистон ТИВ баёнотида.

Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ташкилоти кемадаги техникалар Исломободдаги ядро дастурида ишлатилиши мумкинлигини тасдиқлади.

Тақдим этилган ҳужжатга кўра, юклар Хитойнинг Shanghai JXE Global Logistics Co Ltd компанияси томонидан Покистоннинг Pakistan Wings Pvt Ltd компаниясига юборилгани қайд этилган. Аммо Ҳиндистон махсус кучлари бу юклар аслида Хитойдаги Taiyuan Mining Import and Export Co Ltd компанияси томонидан Покистондаги Cosmos Engineering компаниясига юборилаётганини аниқлаган.