Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олиши учун бир қанча имтиёзлар берилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, республикадаги жами ОТМда таҳсил олаётган талабалар миллиондан ошиқ ва хотин-қиз талабаларнинг улуши юқорироқ.
1 млн 312 минг талабанинг 650 минг нафари эркаклар, 662 минг нафари эса хотин-қизлардир. Магистратурада таҳсил олаётган 24 минг талабанинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Талаба қизлар улуши юқорилигида уларга берилган имтиёзлар ҳам ёрдам бераётган бўлиши мумкин.
Хотин-қизларга ўқишга киришда қандай имтиёзлар бор?
2 мингта грант: Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга талабгорлар ҳам тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади.
Тавсияномани кам таъминланган, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, ногиронлиги бўлган ота-онанинг фарзандлари каби бир қатор тоифаларга мансуб хотин-қизлар олиши мумкин ва улар алоҳида танлов доирасида кириш имтиҳонларида қатнашади, энг юқори балл олган 2 минг хотин-қиз тавсиянома асосида грантга ўқишга қабул қилинади.
5 йиллик стажлилар учун 500 та квота: Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан 5 йиллик стажга эга, олий маълумотли бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар берилади. Бироқ тавсияноманинг ўзи ўқишга киришни кафолатламайди. Уни олган хотин-қизлар ҳам ҳамма абитуриентлар каби имтиҳон топширади, фақат уларнинг балли алоҳида квота доирасида ҳисобланади. Энг юқори балл тўплаган 500 абитуриент эса талабаликка тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Фақат қизлар учун бериладиган имтиёзлар
Зулфия мукофоти: умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, бакалавриат талабалари бўлган лауреатлар эса магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича синовларсиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

















