Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Очликдан азоб чекаётган Ғазога инсонпарварлик ёрдами ташлаш чоғида 5 киши ҳалок бўлди, 20 киши яраланди.

АҚШ ва Миср номидан инсонпарварлик ёрдамлари самолётдан ташланган. Сектор шимолидаги Аш-Шатти лагерида парашют очилмай, юклар инсонларнинг устига келиб тушган. Ўлганлар орасида болалар бор.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҲАМАС террористик ташкилот эмас, деб таъкидлаган. Туркия ёшлар форуми — TÜGVAда чиқиш қилар экан, Эрдўған ҲАМАСни ёмонотлиқ қилишга уринаётган Исроил пропагандасига ишонмасликка чақирган.

«ҲАМАС улар таъкидлаётганидек террорчилик ташкилоти эмас. Аксинча, бу ҳаракат ўз ватани, тупроғини ҳар қандай таҳдид ва босимларга қарамасдан жони эвазига ҳимоя қилаётган қаршилик ҳаракатидир”, — деган Эрдўған.

Туркия президенти Миср ва Иордания орқали Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказишга ҳаракат қилинаётгани, бугунгача самолёт ва кемаларда 37 минг тонна инсонпарварлик ёрдам етказилганини айтиб ўтган.

Эрўғаннинг ваъдаси

Ёшлар олдида чиқиш қилган Ражаб Тоййиб Эрдўған 2028 йили бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этмаслигини таъкидлади.

Ўз чиқишида Эрдўған 31 март куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар қонунчиликка кўра унинг учун сўнггиси бўлишини эълон қилди.

«Бу мен учун финал. Бу сайловлар қонун билан менга берилган ваколатлар доирасидаги сўнггисидир. Унинг якунларига кўра менинг ортимдан келаётган биродарларим қўлимдан ишимни олишади», – деган Эрдўған.

Туркиянинг амалдаги раҳбари 2023 йили бўлиб ўтган сайловларда иккинчи турда 52,18 фоиз овоз тўплаб ғолиб бўлган эди. Унинг рақиби камолчиларнинг Жумҳурият халқ партиясидан Камол Қиличдорўғли 47,82 фоиз овоз тўплаган эди.

Дарвоқе, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатга ташриф билан келган Украина президенти Володимир Зеленский билан ҳам учрашди.

Томонлар икки мамлакат ўртасида ҳаракат қилаётган транспорт воситалари ва товарлар ҳақидаги ахборотларнинг электрон алмашинуви ҳақида ҳужжат имзолаган.