Жаҳон | 11:12 / 09.03.2024
23284
2 дақиқада ўқилади

Ғазо секторида ҳаводан ташалган ёрдам 5 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Қўшма Штатлар ва Иордания фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган гуманитар ёрдам бўйича фожиали ҳодисага алоқадорлигини рад этяпти. 

Фото: AP

Ғазо секторида 8 март, жума куни инсонпарварлик ёрдамининг ҳаводан тушиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Американинг CBS News телеканали маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва воқеа гувоҳига таяниб хабар берди.

Воқеа Ғазо жанубидаги Аш-Шатти лагерида, парашют очилмай қолгани оқибатида юклар одамлар устига келиб тушгани сабаб рўй бергани айтилмоқда.

АҚШ ва Иордания фожиали ҳодиса учун жавобгарликни рад этяпти

8 март, жума куни АҚШ, Иордания, Миср, Франция, Нидерландия ва Белгия Ғазо сектори узра осмондан гуманитар ёрдам ташлади. Америка мудофаа идораси расмийси CBS телеканалига берган интервюсида, дастлабки таҳлиллар Америка самолёти ердаги ўлим ҳолатлари учун жавобгар эмаслигини кўрсатганини, бироқ тергов давом этиши кераклигини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар инсонпарварлик юклари бўлган барча қутилар одатдагидек қўнгани ҳақида тасдиқнома олган.

Иордания расмийлари ҳам воқеадан ўзини узоқлаштирди. Мамлакат давлат ахборот агентлиги хабар беришича, акцияда иштирок этган самолётларнинг бирортасида ҳам техник носозлик йўқ. 

Байден Ғазо секторида гуманитар порт қурилишини эълон қилди 

7 март, пайшанба куни АҚШ президенти Жо Байден халққа мурожаати чоғида Ғазо секторида у ерга гуманитар юкларни етказиб бериш учун вақтинчалик порт ташкил этилишини маълум қилди. 

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Лиор Хаят мамлакат режани олқишлашини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу «Исроил стандартларига мувофиқ хавфсизлик текширувлари ўтказилгандан сўнг Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини ошириш имконини беради». Шунингдек, у Исроил ҲАМАС ташкилоти бутунлай йўқ қилинмагунча ва барча гаровга олинганлар қайтарилмагунча унга қарши курашни давом эттиришини қўшимча қилди. 

Мавзуга оид