Фаластиндаги вазият
БМТ вакили Исроил Фаластин халқини атайлаб очлик билан қийнамоқда, дея баёнот берди.
Ташкилотнинг озиқланиш ҳуқуқи бўйича махсус докладчиси Майкл Фаҳри БМТнинг Женевадаги бўлимида журналистлар билан учрашиб, Исроил ҳужумларига дучор бўлаётган Ғазодаги сўнгги воқеалар ва озиқ-овқат кризиси бўйича маълумотлар билан бўлишди.
БМТ докладчиси Фаҳрининг хабар қилишича, Исроил атайлаб Ғазо халқини очлик исканжасида қолдириб қийнамоқда. Фаҳрининг қайд этишича, «инсонларни озиқ-овқатдан атайлаб мосуво қилиш — шубҳасиз ҳарбий жиноятдир».
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан келтирилаётган маълумотларга кўра, сўнгги бир сутка ичида Ғазода 67 киши ўлдирилган, 106 киши ярадор қилинган.
7 октябрдан буён Исроил агрессияси қурбонлари сони 31 минг 112 нафарга етган. 72 минг 760 киши турли даражада ярадор қилинган. Исроил агрессияси қурбонларининг 72 фоизи — 22 мингдан ортиғи болалар ва аёллардир. Вазирлик, шунингдек, Ғазода очлик ва ташналикдан ўлганлар сони 25 кишига етганини таъкидлаган.
Исроил раҳбарлари баёнотлари
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу араб давлатлари ҲАМАСнинг йўқ қилинишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. У буни немисларнинг Bild нашрига берган интервюсида таъкидлаб ўтган.
«Мен минтақамиздаги давлатлар етакчилари билан суҳбатлашганимда улар ҲАМАС — Эроннинг террористик тармоғининг бир бўлаги эканини моҳиятан тушуниб туришгани ва уларга ҳам бизга ҳам таҳдид солаётган бир ташкилот эканини тасдиқлашади», — деган Нетаняҳу Исроилни ўраб турган араб давлатларини назарда тутиб.
Нетаняҳу миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар қочиб ўтган Рафаҳ шаҳрига бостириб кириш ва Ғазо секторида урушни давом эттиришни қўллашини билдирган ҳамда Ғазо аҳолисининг азоб-уқубатларида Исроил армияси эмас, айнан ҲАМАСни айблаган
«Биз учун бу трагедия, улар учун бу стратегия», деган Нетаняҳу. Ғазода очлик рўй бераётгани тўғрисидаги ахборотларни эса тўлиқ рад этган. Шунингдек, Нетаняҳу Фаластин мустақил араб давлати бўлишига кескин қарши чиққан.
Бу орада Исроил БМТ хавфсизлик кенгашидан ҲАМАСни террорчилик ташкилоти деб тан олишни талаб қилган. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроиллик фуқароларнинг қариндошлари қуршовида БМТ хавфсизлик Кенгашининг махсус йиғилишида чиқиш қилиб, ҳаракат етакчиларига қатъий санкциялар жорий этишга ҳам чақирган.














