Жо Байден маъмурияти 12 март куни Украина учун 300 миллион доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди.
Пентагоннинг қайд этишича, бу 2021 йил августидан буён АҚШ мудофаа вазирлиги захираларидан Киевга тақдим этилган 55-транш ҳисобланади. Ёрдам пакети артиллерия қуроллари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва танкка қарши воситаларни ўз ичига олади:
- Stinger зенит ракеталари;
- HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими учун қўшимча ўқ-дорилар;
- 105 мм ва 155 мм калибрли артиллерия снарядлари, жумладан парчаланадиган-портлайдиган ва икки мақсадли кассетали ўқ-дорилар;
- АТ-4 танкка қарши комплекслари;
- ўқотар қуроллар учун патронлар;
- тўсиқларни олиб ташлашда қўлланадиган ўқ-дорилар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа ёрдамчи ускуналар.
Бу АҚШнинг Украинага юборадиган 2024 йил ҳисобидан илк ҳарбий ёрдами бўлади. Бундан олдингиси — 250 миллион долларлик ёрдам — 2023 йил 27 декабрида ажратилганди.
Пентагон пресс-релизига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён АҚШ ва ғарбдаги бошқа иттифоқчилар Украина қуролли кучларига 87 миллиард доллардан ортиқ ҳажмдаги ёрдам юборишган.
Пентагон эълон қилган рўйхатда ATACMS баллистик ракеталари бевосита тилга олинмаган (улар ёрдам пакетининг бир қисми бўлиши ҳақида аввалроқ Politico нашри ёзганди). Аммо бундай ракеталар HIMARS тизимларидан учирилиши мумкин, АҚШ мудофаа вазирлиги эса бундай тизимлар учун ўқ-дорилар етказиб берилишини маълум қилган.
Сешанба куни Украинага Дания ҳам янги ёрдам пакети ажратишини маълум қилди: бу мамлакат Киевга 336 млн долларлик снарядлар ва артиллерия тизимлари етказиб беради.
АҚШ мудофаа вазирлиги ажратилган ёрдам Украина армиясининг жанг майдонидаги барча талабларини қондириш учун етарли эмаслигини таъкидлаган.
Пентагон ушбу қуроллар Украинага юборилгач, ҳозирча уларнинг ўрнини тўлдириш учун вазирликда пул йўқлигини маълум қилган.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг баҳоларига кўра, снарядларнинг янги партияси Украина қуролли кучларига фақат бир неча ҳафта учун етади.
Украинага ёрдам тўғрисидаги қонун қабул қилиниши нега пайсалга солинмоқда?
АҚШ президенти Жо Байден ҳам ёрдам ажратилгани тўғрисида хабар берган. У Пентагоннинг олдинги шартномаларни амалга ошириш вақтида тежалган маблағлар ҳисобидан ёрдам ажратишга муваффақ бўлганини билдирган.


















