– Жорий йилдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнида “бир фуқаро – бир овоз” тамойили жорий этилмоқда, эндиликда ҳар бир фуқаро “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ҳар бир мавсум доирасида фақат битта лойиҳага овоз бера олиши мумкин бўлади. Бу дегани “Очиқ бюджет” портали орқали фуқаролар овоз бераётганда уларнинг овоз бераётган рақамлари қайси шахсга расмийлаштирилганига аниқлик киритилади. Бу бўйича мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган алоқа операторлари билан ишлар йўлга қўйилган. Рақам эгасининг шахсига аниқлик киритган ҳолда порталда қайд этиб борилади. Агар фуқаролар такроран ўзларига тегишли сим-карта орқали овоз берадиган бўлса, ушбу сим-картанинг ҳам тегишли маълумотлари олиниб, порталдаги маълумотлар билан солиштирилган ҳолда иккинчи берилган овозлар автоматик рад этилади. Бу ҳар бир берилаётган овознинг қадрга эга бўлиши ва овоз бериш жараёнларини шаффоф ҳамда ҳаққоний ўтказилиши учун жорий этилаётган амалиёт ҳисобланади.
Айтайлик, фуқаронинг бир нечта алоқа операторларидан 3-4 та сим-картаси бўлса ҳам, у алоқа операторидан қатъи назар, ҳар қандай ҳолатда ушбу рақамлар тегишли бўлган шахснинг маълумотлари базадан кўтарилади ва битта овози “Очиқ бюджет”да қайд этилади. Юридик шахсларнинг овозлари ҳам энди порталда рад этилади.
Биринчи марта овоз берганда портал уни қабул қилади ва иккинчи марта бошқа сим-картасидан овоз берса, “ҳурматли фуқаро, сиз қайсидир рақамингиз орқали аввал очиқ бюджет порталида овоз бергансиз” деган маълумот юборган ҳолда овозингизни рад этади.
– Нега овоз бериш жараёнлари бошланиши 16 мартга кечиктирилди?
– Бу йил овоз бериш жараёнлари 13 мартдан бошланиши керак эди, лекин техник носозликлар туфайли 16 мартдан бошланади.
“Очиқ бюджет” портали йилдан йилга такомиллаштириб бориляпти, ҳар янги мавсумда тегишли техник янгиликлар қилиняпти. Жорий йилдаги энг катта ўзгариш юқорида қайд этганимдек “Бир фуқаро – бир овоз” тамойилига ўтилишидир. Бу порталда юкламалар ошишига сабаб бўляпти, натижада айрим носозликлар кузатилди, ҳозир мутахассислар бу борада иш олиб боряпти.
– 1-мавсумда лойиҳа киритиш босқичи қандай ўтди?
– 1-мавсумда республикамиз бўйлаб 35 мингдан ортиқ лойиҳалар илгари сурилган бўлса, ушбу лойиҳаларнинг аксарияти ички йўлларни таъмирлаш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва мактабгача таълим муассасалари аҳволини яхшилашга оид лойиҳалардан ташкил топган.















