Марказий банк ўзининг 2024 йил 14 мартдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилди.
“Марказий банк бошқаруви иқтисодиётда талаб ва таклиф мутаносиблигига эришиш бўйича ноаниқликлар ва инфляцияни оширувчи кутилмаларнинг сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб ҳамда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача пасайтириш учун зарур пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди”, – дейилади регулятор пресс релизида.
Умумий инфляция йил бошидан пасайиб, феврал ойида 8,3 фоизни ташкил этган. Бироқ сўнгги ойларда юқори талаб ва бир қатор тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг ошиши фонида хизматлар инфляцияси тезлашиши кузатилган. Бундан ташқари, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари деярли ўзгаришсиз, юқорилигича қолган.
2024 йил охиригача инфляция 8−9 фоизлик прогноз диапазони доирасида шаклланиши кутилмоқда. Прогноз даврида тартибга солинадиган нархлар ўзгариши ва уларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ўтган йилнинг январ-феврал ойларига нисбатан юқори суръатларда ўсган. Шунингдек, айрим тармоқларда, хусусан, йил бошидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш динамикасининг сустлашиши қисқа муддатли истиқболда ички бозорда талаб ва таклиф номутаносиблигини келтириб чиқариши ёки импортга қўшимча босимни яратиши мумкин.
Маълумот учун, жорий йил январ ойида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,6 фоизга қисқарган.
“Умуман олганда, биринчи чорак якунлари бўйича иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари нисбатан юқорироқ шаклланиши, кейинги чоракларда эса базавий прогноз доирасида 5,5-6 фоиз бўлиши борасидаги кутилмалар кучаймоқда.

















