Саҳарликда сутли маҳсулотлар ва дон маҳсулотларидан тайёрланган овқатларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Чунки улар кун давомида қоринни тўқ тутади. Ифторликда хурмо ёки нишолда билан оғизни очиш мақсадга мувофиқ. “Бу маҳсулотлар углеводга бой бўлгани учун оч қоринни бироз бўлса-да тўйдиради, чарчоқ ва бошдаги оғриқ камаяди”, – дейди нутрициолог Гули Шайхова.
Рўза тутувчилар саҳарликда қандай маҳсулотлар билан оғизни ёпиб, ифторликни қандай бошлашлари ҳақида нутрициолог, тиббиёт фанлари доктори, профессор Гули Шайхова тавсияларини берди. Нутрициолог рўза тўғри тутилса, иммунитетни яхшилаши, танани ортиқча заҳарлардан ва ҳатто ортиқча вазндан халос қилишга ёрдам беришини айтади.
Мутахассис бирор касаллик учун дори ичадиган кишилар аввало дориларини ичиб олиб, 10-15 дақиқадан кейин саҳарликни бошлашларини тавсия қилди.
“Овқатланишда сутли маҳсулотлар: творогга сметана, асал ёки шакар қўшиб истеъмол қилиш керак. Бунда творог камида 50 грамм атрофида бўлиши керак. Бундан ташқари, сутли бўтқалар, гуруч, гречка каби дон маҳсулотлари ҳам муҳим. Чунки дон маҳсулотлари узоқ вақтда ҳазм бўлади, яъни тез ҳазм бўлиб танадан чиқиб кетмайди ва натижада қорин тўқ туради. Саҳарликка иссиқ овқат бўлса, яна ҳам яхши. Гречка билан котлетлар пишириш мумкин, сувда ёки печда товуқ, балиқ маҳсулотларини ҳам пишириб истеъмол қилса бўлади”, – дейди у.
Нутрициолог рациондаги овқатларни алмаштириб туриш кераклигини, бир кун гўшт ейилса, кейин товуқ ёки балиқ маҳсулотларини ейиш тана учун яхшилигини айтади. “Нонга суриб ейиш учун ёнғоқ, майиз ва асални аралаштириб банкага солиб қўйиб, сариёғ билан нонга суриб ейилса, кучли таом бўлади бу ҳам. Агар бу бўлмаса, нон билан сариёғ, пишлоқ ёки сувда пиширилган гўшт ейиш мумкин, буларнинг бари оқсилли маҳсулотлар, қоринни тўқ тутади”, – дейди Шайхова.
Мутахассис, шунингдек, сув ва мева шарбатларини ичиш тартиби ҳақида ҳам маълумот берди. “Эрталаб турганда бир пиёла тўлдириб филтрланган ёки қайнаган, 30-40 градусдаги сув ичиш лозим. Кунига 1,5-2 литр сув ичиш тавсия қилинади, шунинг 1 литрини эрталаб саҳарликда, қолганини эса ифторликда ичиш керак. Бундан ташқари, мева шарбатлари ичиш мумкин. Бир-бир ярим пиёладан кўп чой ичмаган маъқул, чунки чой билан пешоб орқали зарарли моддалар билан бирга озуқавий керакли моддалар ҳам чиқиб кетади”, – деб қўшимча қилди мутахассис.














