Фото: Reuters

Белгород шаҳри ва Белгород области ўтган ҳафта бошидан буён ҳар куни баравар ўт очиш реактив қурилмаларидан ўққа тутилмоқда. Расмийларга кўра, жами 19 киши ҳалок бўлган. Сешанба куни губернатор 9 минг бола эвакуация қилинишини, чоршанба куни — мактаблар муддатидан олдин таътилга чиқарилишини маълум қилди.

Белгород шаҳри ва област ҳудудларида кунига бир неча бор ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш берилади ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушади. Россия мудофаа вазирлиги кунига бир неча бор Украина томонидан йўлланган ракета ҳужумлари қайтарилгани ҳақида маълумот тарқатади, аммо уларнинг барчаси ҳам муваффақиятли уриб туширилмаяпти.

Ҳаммаёқда снарядлар портламоқда, ҳудудий расмийлар ҳар куни қурбонлар ва вайронгарчиликлар тўғрисида хабар беради, ижтимоий тармоқларда ёниб кетган автомашиналар, ёнғинлар, вайрон бўлган биноларнинг янгидан янги суратлари ва видеолари тарқалади.

Сешанба куни Белгород области раҳбарияти мунтазам равишда зарбага учраётган ҳудудлардан 9 мингга яқин болани эвакуация қилиш тўғрисида қарорга келди. «Единая Россия» партиясининг шаҳар кенгаши президиумида регион раҳбари Вячеслав Гладков Белгород областида бир ҳафта давомидаги зарбалар оқибатида 16 киши ҳалок бўлиб, 98 киши жароҳатланганини маълум қилган.

Чоршанба кунги зарбалар оқибатида Белгород шаҳрида бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланди, чегарадаги Грайворон шаҳри округида эса икки киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган.

Белгород шаҳри ва областдаги вазият Россия пабликларидаги асосий мавзулардан бирига айланган — бу ресурсларда асосан норозилик сўзлари билдирилмоқда ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар деярли йўқ. «Белгород, кун давомида тўртинчи бор ўққа тутилиши… Москвадагилар рақс тушиб бўлиши ва уларга эътибор қаратилишини кутишмоқда», — дея ёзади «Тринадцатий» канали муаллифи, z-блогер Егор Кузенко.

«Ҳаммасидан ҳам Белгород ўққа тутилиши ҳақидаги „Донецк эса 10 йилдан буён шундай яшайди ва ҳеч нарса бўлгани йўқ!“ қабилидаги муносабатлар ҳайрон қилади. Кечириб қўясиз, махсус ҳарбий амалиётдан мақсад имкон қадар кўпроқ рус шаҳарлари худди Донецк каби яшаши эдими?» — дея савол қўяди бошқа бир z-блогер «Под лед» (Россия ҳукумати Украинага қарши урушни махсус ҳарбий амалиёт деб атайди).

18 март куни Владимир Путин чегара ҳудудлари ўққа тутилиши борасида ўз ғояси билан ўртоқлашганди — «бугунги фожиали воқеалар» туфайли Россия Украина билан чегарада «санитар зона» яратиши мумкинлигини айтганди. «Буни мақсадга мувофиқ деб билганимизда», — деганди у.