Жаҳон | 13:20 / 21.03.2024
7639
3 дақиқада ўқилади

Кремл Россия активларидан олинган даромад мусодараси учун суд билан таҳдид қилди

Агар музлатилган Россия активларидан тушган даромадлар мусодара этилса, жавобгарлар ва Европа Иттифоқи давлатлари «бир неча ўн йиллар давомида қонуний таъқибга учрайди», деди Песков.

Фото: REUTERS / SCANPIX

Агар Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағни мусодара қилишга ва уларни Украинага ўтказишга қарор қилса, Брюссел «муқаррар зарарга» дуч келади, деб ҳисоблайди Кремл. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 20 март, чоршанба куни ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг РФ активларидан тушган маблағ 90 фоизини олиб қўйиш ҳамда Киевга қурол-яроғ етказиб беришни молиялаштирувчи фондга юбориш бўйича таклифини изоҳлар экан, бундай қадам Европа иқтисодиётига ва ЕИнинг «мулк дахлсизлиги ишончли кафолати» имиджига путур етказади, деб маълум қилди.

Агар бу қарор қабул қилинса, масъул шахслар ва давлатлар «бир неча ўн йиллар давомида таъқиб объектига айланади», деб таҳдид қилди Путин матбуот котиби. 

Боррелнинг таклифи 

Бир кун аввал Боррел 21-22 март кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида Россиянинг музлатилган активларидан тушган пул 90 фоизини Европа тинчлик жамғармаси (EPF) орқали Украина учун қурол сотиб олишга ишлатишни таклиф қилишини маълум қилган эди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, бундай чора ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинага ҳар йили 3 миллиард еврога яқин маблағ ажратиш имконини беради. Европа дипломатияси раҳбарининг аниқлик киритишича, Россия активларидан тушган даромад қолган 10 фоизи Украина мудофаа саноати салоҳиятини ошириш учун фойдаланиш мақсадида ЕИ бюджетига ўтказилиши мумкин. 

Бир кун аввал Евроиттифоқ, Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгаши қарорига кўра, Украинага ҳарбий ёрдам учун яна 5 миллиард евро ажратгани маълум бўлган эди. Европа тинчлик жамғармасининг молиявий чегараси бу миқдорга (яъни, 17 миллиард еврогача) оширилади ва маблағлар махсус яратилган Украинага ёрдам жамғармасига (Ukraine Assistance Fund, UAF) йўналтирилади. Янги фонд Европа Иттифоқи ва Норвегия мудофаа саноатидан қўшма харидларни кўпайтиришга қаратилган. 

Европа Иттифоқи кенгаши кўп ой давом этган муҳокамалардан сўнг январда музлатилган Россия активларидан тушумларни Украинага ўтказиш бўйича фундаментал қарор қабул қилди. Европа Иттифоқи музлатилган активларнинг ўзини мусодара қилиш учун қонуний асосга эга эмас, дея маълумот берди Брюссел.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид