Россия армияси Украинага навбатдаги ёпирилма ракета зарбаларини йўллади. 22 мартга ўтар кечаси бутун мамлакат ҳудудлари бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган.
Энергетика вазири Герман Галушенко россияликларнинг бу сафарги зарбаларини сўнгги вақтларда Украина энергетика тизимига қилинган энг кенг кўламли ҳужум деб атаган. «Мақсад — шунчаки шикастлантириш эмас, балки ўтган йилда бўлгани каби мамлакат энергия тизими фаолиятида кенг миқёсли узилишлар келтириб чиқаришга уринишдир», — дея ёзган вазир фейсбук саҳифасида.
Вазирнинг сўзларига кўра, турли областларда ишлаб чиқариш иншоотлари, электр узатиш ва тарқатиш тизимларида зарбалар ва шикастланишлар қайд этилган. Қатор регионларда электр таъминотида узилишлар юзага келган.
Харкивда РФ ҳарбийлари энергетика инфратузилмалари бўйлаб 15 дан ортиқ зарбалар йўллади, дея хабар қилган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Шаҳар амалда тўлиқ электр ва ичимлик сув таъминотисиз қолган.
Запорижжяда россиялик ҳарбийлар 12 та ракета зарбаси берган, дегган област маъмурияти раҳбари Иван Федоров. Дастлабки маълумотларга кўра, еттита уй вайрон бўлиб, яна 35 таси шикастланган. Яраланганлар бор.
Шунингдек, Запорижжя АЭС фаолияти тўхташ ёқасига келган — ҳужум вақтида оккупация остидаги АЭСни Украина энергия тизими билан бирлаштириб турувчи «Днепровская» ташқи ҳаво электр узатиш линияси узилган.

Днипропетровск областининг Кривий Риҳ шаҳрида дронлар ва ракеталарнинг биргаликдаги ҳужуми натижасида критик инфратузилма объектлари шикастланган, деб хабар қилган шаҳар мэри Олександр Вилкул. Шаҳарда авариявий ўчириш жадваллари жорий этилган. Шифохоналар ва бошқа муҳим инфратузилма объектларида генераторлар ёқилган.
«Днипро, Кривий Риҳ, Павлоград ва Каменск ҳудудларида энергетика объектлари шикастланган. Портлаш тўлқини уйларнинг ойналарини синдириб юборган. Свет ва сув таъминотида муаммолар бор. Ўчириш жадваллари жорий қилинади», — дея ёзган Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.
Z-каналлар ҳам ДнипроГЭС бўйлаб зарба ҳақида хабар беришган. Оккупация остидаги Мариупол шаҳрининг Украина томонидан тайинланган қонуний мэри Петро Андрюшенконинг маълум қилишича, Россия ракетаси Днипро ГЭС тўғони бўйлаб ҳаракатланган троллейбусга келиб урилган. Унинг сўзларига кўра, троллейбусда ишга кетаётган тинч аҳоли вакиллари бўлган. Андрюшенко зарба оқибатлари акс этган фотони намойиш этган. ГЭС ҳудудида ҳаракат тўхтатилган.


















